Жамият | 09:39 / 20.07.2016
20236
2 дақиқада ўқилади

«Анҳор-Локомотив» боғида МДҲдаги энг узун картодром фойдаланишга тайёр

Август ойида Тошкент шаҳрида янги дам олиш маскани ва аттракционлар  боғи фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг расмий веб-саҳифасида хабар қилинган.

Шаҳарнинг Шайхонтоҳур тумани Лабзак ва Зулфияхоним кўчалари оралиғида, Анҳор канали ёнида барпо этилган кўнгилочар боғ йилбўйи фаолият кўрсатиши таъкидланмоқда. 

Боғда катталар ва болаларнинг кўнгилдагидек дам олишлари учун барча шароитлар муҳайё. Бу ерда барча ёшдагилар учун мўлжалланган ўйин майдонлари, 320 ўринлик ёзги театр, мусиқа ва чироқли фавворалар, ресторан ва кафетерийлар мавжуд. 

Myday.uz

Қайд этилишича, айрим аттракционлар ўз тоифасида шаҳарда ягона ҳисобланади. Масалан, «Осмонўпар» деб номланувчи аттракцион баландлиги 43 метрни ташкил этади. У орқали шаҳарни баланддан томоша қилиш учун ажойиб имконият яратилган. Анҳор канали соҳилида эса, узунлиги 40 метрни ташкил этувчи мусиқа садолари ва чироқ ёғдуларига эга улкан рақсга тушувчи фаввора қурилган. У сувни 50 метр баландликкача пуркай олади. 

Шу билан бирга, сунъий сув ҳавзасининг туби ҳам чироқлар ёрдамида ёритилиши, катамаран ва қайиқларда сайр қилувчилар учун кўл тубини томоша қилиш имконини беради. 

Myday.uz

Бундан ташқари, боғ ҳудудида Ўзбекистоннинг эътиборга молик 7та сайёҳлик масканининг кичик макетлари ҳам барпо этилган. Булар: Хива Калта минори, Самарқанддаги Шердор мадрасаси, Бухородаги Минора-и Калон, Андижондаги Бобур ёдгорлик мажмуаси, Темурийлар музейи, Тошкент минораси ва пойтахт курантидир. 

Myday.uz

Шунингдек, боғ тасарруфида, МДҲ давлатлари орасида энг узун ёпиқ картодром пойга йўлаги мавжуд. Интерфаол ўйинлар хоналари, болалар майдоналари, тамаддихоналар ва совға дўконлари боғ мижозларига хизмат кўрсатишга шай турибди.  Аввалроқ, мазкур истироҳат боғи 1-августда очилиши тўғрисида хабар берилган эди.

Мавзуга оид