Жамият | 16:21 / 20.07.2016
14650
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисидан тушаётган шикоятларнинг катта қисми коммунал соҳага тўғри келмоқда

Ўзбекистоннинг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ишларга доир аналитик маълумотини чоп этди. 

Аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича жорий қонунчилик нормаларини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2016 йилнинг 6 ойи ичида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга доир 710 чиқиш ташкиллаштирилган, жумладан телевидениеда – 271, радиода – 216, нашриётлар ва интернет-ресурсларда – 223. 

Шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича 85 семинар, брифинг ва давра суҳбатлари ўтказилган. Турли хил хизмат кўрсатувчи савдо объектлари ва бошқа корхоналарда 1769 материал осилган, республиканинг шаҳар ва туманларида 111 дан ортиқ банерлар жойлаштирилган ҳамда 130 марта маърифий ишлар олиб борилган. 

Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини фаол тарғиб қилиш натижасида фуқароларнинг Давлат рақобат қўмитасига мурожаатлари сони ошганлиги кузатилмоқда, бу аҳолининг истеъмолчилик маданияти ошганлигидан далолат беради. 

Шундай қилиб, 2016 йилнинг 6 ойи ичида Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига фуқаролардан 3375та шикоят ва аризалар келиб тушган. Хусусан, улардан 2395таси ёзма шаклда, 980таси ишонч телефонлари орқали амалга оширилган. 

Келиб тушган шикоят мактубларининг 65,5 фоизи коммунал соҳага тўғри келади, 18,2 фоизи савдо-сотиқ ва ижтимоий овқатланиш, 6,7 фоизи транспорт, алоқа ва коммуникация соҳалари, қолган 9,5 фоизи эса бошқа соҳаларга тааллуқлидир. 

Мавзуга оид