Ўзбекистон | 23:52 / 17.08.2016
14828
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлик форуми

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва “Электрон ҳукумат”ни жорий этиш соҳасида Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлиги форуми бўлиб ўтди. 

Тадбирда икки мамлакатнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, масъул ходимлари, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, савдо, сармоя, иқтисодиёт, архив, интеллектуал мулк, таълим, суд-ҳуқуқ каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари, илмий тадқиқот марказлари вакиллари, етакчи экспертлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Маннон Алиев, Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сук, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида ҳар томонлама ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўзаро манфаатли алоқалар барча соҳаларни қамраб олган. Хусусан, турли жабҳаларга юқори технологияларни жорий этиш борасида фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Жанубий Корея мутахассислари ва ишбилармонлари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари, давлат бошқаруви тизимига замонавий технология ва ноу-хаулар жорий этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Мамлакатимизда ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини кенг жорий этишда Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилинаётгани бежиз эмас. Зеро, Корея Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида дунёда етакчи мамлакатлардан ҳисобланади. Жанубий Кореянинг ялпи ички маҳсулотида ахборот-коммуникация технологияларининг улуши 11,8 фоиздан зиёдни ташкил этади. 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ бунга ҳуқуқий асос яратилди. 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури асосида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Барча соҳаларга ахборот-коммуникация технологиялари изчил жорий қилинмоқда. Ахборот ресурслари, тизимлари ва тармоқларининг яратилиши жадаллашиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари сони ва сифати ошмоқда. 

Бу жараёнларнинг барчасини ўзида жамлаган “Электрон ҳукумат” тизими  давлат ва жамият ўртасидаги алоқаларнинг муҳим воситасига айланаётир. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юридик ва жисмоний шахсларга кўрcатилаётган хизматлар салмоғи ошиб бормоқда. Бу жараёнда коммуникация тармоқлари техник ва технологик қайта жиҳозланиб, интерактив хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада яхшиланмоқда. 

 Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Корея Республикаси Фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва келажакни режалаштириш вазирлиги ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ташкил этилган. Мазкур марказ ахборотлаштириш миллий тизими шаклланишида муҳим ўрин тутмоқда. Жанубий кореялик мутахассислар юртимизда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашмоқда. Соҳада ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилгани ўз самараларини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таълим халқаро стандартларга мувофиқ, замонавий ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида олиб борилмоқда. Академия кўплаб давлатлар қатори Жанубий Кореянинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Тошкент шаҳрида фаол ва самарали иш юритаётган Жанубий Кореянинг Инха университети филиалида талабалар дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида таълим олмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида “Электрон ҳукумат” ўқув маркази, Ўзбекистон – Жанубий Корея ахборот технологиялари маркази фаолият кўрсатмоқда. 2012 йилнинг октябридан ахборотлаштириш соҳасида Ўзбекистон – Жанубий Корея кенгаши фаолият юритмоқда. 

Форумда меҳмонларга мамлакатимизда “Электрон ҳукумат”ни жорий этиш ва давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, АКТ соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жанубий кореялик мутахассислар Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, технологиялар ва инфратузилмаларни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади. 
 
– Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик тобора мустаҳкамланиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Хон Юн Сук. – Олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Ташрифимиз доирасида “Навоий” интермодал логистика марказида бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодиёти барқарор ривожланаётганига гувоҳ бўлдик. Мазкур форум давлат бошқаруви соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва уни янада ривожлантириш, соҳанинг турли йўналишлари бўйича фикр ва тажриба алмашиш, ноу-хауларни жорий этиш, мамлакатларимиз иқтисодий қудратини янада оширишга хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган мамлакатингиз давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Форумда мамлакатимизда давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланилаётгани қайд этилди. 

Тадбир иштирокчилари давлат бошқаруви соҳасини янада ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, электрон ҳужжат ва ахборот алмашиш, архив ҳужжатларини сақлаш, рақамлаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашди. 

Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

“Ўзархив” агентлиги билан Корея Республикаси Миллий архиви ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 

Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукка Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Фахрий доктори унвони топширилди. 

Корея Республикаси делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.

Мавзуга оид