Ўзбекистон | 20:33 / 24.08.2016
50630
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Сенати ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунни қабул қилди

2016 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Мажлисда сенаторлар “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилишди.

Ушбу қонун давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатасига киритилган ҳамда ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган. 

Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ички ишлар органлари зиммасига фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, жамоат тартибини ва жамоат хавфсизлигини, юридик ҳамда жисмоний шахслар мол-мулки ҳимоясини таъминлаш вазифалари юклатилмоқда. 

Ички ишлар органларининг аниқ вазифаларини, шу жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, жиноятларнинг, бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларни фош қилиш, жамоат жойларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органларининг аниқ вазифаларини белгилаб қўйиш уларининг жамият ва давлат олдидаги жавобгарлигини оширади. 

Қонунда ички ишлар органлари хизматига қабул қилишга доир қўйилган асосий талабларга, хизмат ўташ шартларига алоҳида ўрин ажратилган. 

Қонун Ўзбекистон Президенти имзолаганидан ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан олти ой ўтгач кучга киради.

Сенатор Орал Атаниязованинг сўзларига кўра, мазкур қонун ҳужжатида ички ишлар органларининг асосий вазифалари, уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, ушбу муассасаларда хизмат қилиш тартиби ва шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси акс этган. Хусусан, ички ишлар ходимларининг ўқотар қуролдан фойдаланишлари ҳам қонун асосида тартибга солинган.

2015 йил декабрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ички ишлар органлари ҳақида қонуннинг мавжуд эмаслигини кўрсатиб ўтганди. Давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари устидан қилинган шикоятларнинг ҳар бешинчиси ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига оидлигини таъкидлаганди.  

Мавзуга оид