Жамият | 19:26 / 25.08.2016
25178
2 дақиқада ўқилади

Қўшработлик зўравонлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди

Ўша куни кечки пайт Рауф ( исм-фамилиялар ўзгартирилган) машинасида ишдан қайтаётган эди. Бекатда турган қариндоши Маъруфни кўриб, уни ўзи билан олиб олди. Бироз юришган эди, йўлда маст ҳолатда кетаётган йўловчиларга кўзи тушди. Уларнинг ёнидан секинлашиб ўтиб кетаман деб турган бир пайтда, маст йўловчиларнинг бари ўзини салонга урди. Бу ҳақда “Постда” газетаси ёзмоқда.

Йўловчилар ундан кончилар қишлоғига олиб боришини илтимос қилишади. Рауф уларга йўқ демайди, аввал қариндошини Гужумсой қишлоғига ташлаб, йўловчиларни айтилган манзил томон олиб кетади.

Аммо йўловчилар маст бўлиб, бир-бирлари билан бақиришиб, сўкинишиб кетишади. Рауф уларни тинчлантирмоқчи бўлади, аммо улар кўнмайди. Шунда у машинани тўхтатиб, уларни салондан тушишларини сўрайди. Бироқ йўловчилар Рауфни дўппослай кетишади. Унинг кийимлари, уяли телефонини, пулларини тортиб олишади.

Талончиларнинг ўлжаларни тақсимлаётганидан фойдаланган Рауф машинасига ўтириб, қочиб қолади. У уйга аранг етиб келади. Яқинлари уни шифохонага ётқизишади. Шу заҳоти шифохонага тергов-тезкор гуруҳи етиб келади. Жабрдийда уларга зўравонларнинг ташқи кўриниши ва исмларини айтиб беради.

Олиб борилган тергов ҳаракатида уларнинг барчаси қўлга олинди ва Қўшработ туман суди томонидан ҳар бири саккиз ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид