Ўзбекистон | 10:50 / 25.08.2016
29947
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани қисман ёпди

Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида, 24 август куни Қозоғистон билан давлат чегарасида ҳаракатланишга вақтинча чеклов киритди.

Ўзбекистон Мустақиллик кунига 10 кун қолганида чегаралар ёпилиши бошланди. 22 август куни Ўзбекистон  Қирғизистон билан чегарасидаги назорат пунктларини ёпганди. Шу билан бирга, ўз юртига қайтиб келаётган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига чегарани кесиб ўтишларига рухсат берилди.

NUZ.UZ мухбирининг хабар беришича, "Ғишт кўприк" халқаро чегара назорат пунктида ("Черняевка" номи билан машҳур) айни вақтда Ўзбекистон фуқароларига четга чиқиш учун чеклов ўрнатилган, айни дамда хорижликларга чеклов қўлланмаган. Шу билан бирга Ўзбекистон фуқаролари республикага киришлари мумкин, хорижликларга эса чегара ёпилган.

Яъни вақтинчалик тартибга мувофиқ, Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтаётган ўзбекистонликлар, шунингдек, Ўзбекистондан Қозоғистонга қайтаётган қозоғистонликларнинг ватанига қайтишига рухсат этилади.

Тўй ва дафн маросимларига, бемор қариндошлари зиёратига отланганлар эса бундан мустасно, улар таклиф этилганлик ҳақидаги телеграмма орқали ҳаракатланишлари мумкин.

Шунингдек, қўлида авиабилети ва шошилинч телеграммаси бор фуқаролар, дипломатлар ва расмий ҳайъатлар аъзолари ҳамда халқаро йўналишда қатновни амалга ошираётган ҳайдовчиларнинг чегарадан ўтишига тўсқинлик қилинмайди.

Мавзуга оид