Спорт | 16:20 / 27.08.2016
27474
4 дақиқада ўқилади

“Футболни қўй, ўғлим, боксдан гапир!”

Футболни яхши кўрганимдан нолимайман, чунки миллионлар ўйинининг таниқли мутахассисидан интервью олганимда у: «Футболни тушунган киши ўз-ўзидан бошқа спорт турлари жозибасини ҳам англаб қолади», деганди. Бекорга Олимпиадани тўрт йилликнинг энг улкан спорт мусобақаси, дея аташмас экан. Ушбу тадбир бошланганидан бери дунёдаги барча нарса бир чеккага сурилди-қолди...
Буёқда, аканг қарағайнинг боксчи ва тош кўтарадиганлари олтин ва бошқа медалларни қарсиллатиб олиб ташлашди. Илгари қачон футбол бўйича терма жамоамиз ўйнаса, шунақа тўполонга гувоҳ бўлардик.

Ёшларни қўйинг, мўйсафид отахонлар телевизорни олдида, опалар, сингиллар ва кайвони онахонлар ҳам сериаллардан воз кечиб, «Спорт» телеканали шайдосига айланган.

Футболчиларимизни Олимпиадага чиқа олмаганига хафа бўлибмиз. Қарангки, ҳатто Бразилия сафида Неймардек юлдуз ўйнаса-да, футбол бурчакда қолиб кетди. Ҳатто Англия футболи 21 августгача урфда бўлмади. Қарангки, футболимизни деб асабларни бузиб юрган эканмиз. Ўн нафар боксчимиз Риога енг шимариб бориб, деярли барчаси медалли бўлди! Бокс бўйича терма жамоа мураббийига тасанно! Йигитларнинг зўр-зўрларини бутун Ўзбекистон ҳудудидан йиғибди. Ахир термага ўз номи билан териб олинади-да. Андижондан Ҳасанбой, Бухородан Шаҳрам, Чустдан Муроджон - қисқаси, бутун юртнинг энг сара ўғлонлари йиғилган. Мана буни терма жамоа дейдилар!

Кеча бир йигит твиттер деб аталмиш матоҳда “Бизнинг ўзбеклар Паҳлавон Маҳмуд, Амир Темур замонидан бери, курашларда ортга қочмаган, ютқазиш қонимизда йўқ, шунинг учун яккакурашларда доим ғолиб бўламиз”, деб ёзибди. Фикрида жон бору “жамоавийликда йўғроқмиз”, деган гапи менга ёқмади. Лекин ўша зотлар давридан буён бутун бошли қўшинни бир мақсад йўлида тўплаб, жамоа билан ҳам не-не ерларни олганимиз ҳам бор гап!

Футбол мутасаддилари бироз ҳафсала қилмаяптилар, чоғи. Мана энди, юртда бокс ва оғир атлетика тўгараклари ёшлар билан тўлиб-тошади. Негаки, келажак авлод мана шу спорт турлари орқали Ватан обрўсини кўкларга кўтариш мумкинлигини англаб етди-да! Олимпиадада соврин олган атлетлар ўз соҳасини оммага зўр реклама қилди-қўйди.

Русланнинг волидаси билан бўлган суҳбатда онаизор шундай деганди: “Ўтган йили Руслан жароҳат олди. Унга «Бўлди, ўғлим, мана шу оғир атлетикангни йиғиштир! Соғлиғинг керак», дедим. Лекин, у: «Ўн беш йил боримни бериб шуғулланиб, Ўзбекистонга Олимпиада медалини олиб беришни орзу қилганман. Мақсадимдан қайтарманг, онажон», деганди.

Нурудинов қайсар тошни бўйсундириб, юртим байроғини ўпганида, йиғламаган одам қолмади ҳисоб. Олимпиада баҳсларини кўриб тушундик, спортчи, энг аввало, ватанпарвар бўлиши керак экан.
Рио-2016 якунига ҳам етди. Бироқ ўзбегим шаънини осмон қадар кўкка кўтарган атлетлар номи тарихга муҳрланажак. Футболдан бўлмаса ҳам, спортнинг бошқа турларидан чемпионлар чиқишини исботлаган тош кўтарувчи ва боксчилар сабаб, Ўзбекистонни чемпионлар юрти, дея бемалол аташ мумкин.

Кўча бўйида ҳассасига таяниб ўтирувчи футбол ишқибози бўлган оқсоқол қўшним бор. Спорт соҳасида қалам қитирлатишимдан бохабар бўлганидан мендан доим футбол янгиликларини сўрашни канда қилмайди.

Ўтган куни, доимгидек у билан саломлашиб, футболдан гап очсам, чол бобо: «Футболни қўй, ўғлим, боксдан гапир!», деди!
Майли, футболимиз тўғрисида ҳам кўкрак кериб гапирадиган кунлар келиб қолар...   

Элмурод Эрматов, Андижон.

Мавзуга оид