Жаҳон | 18:02 / 28.08.2016
7051
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати: Мамлакатга қочқинлар оқими камайган

Германия миграция ишлари муасссасаси раҳбари Франк-Юнгер Вайс Bild нашрига маълум қилишича, мамлакат ҳукумати йил охиригача Яқин Шарқ мамлакатларидан 300 мингга яқин муҳожир ва қочқинни қабул қилишни режалаштирмоқда.

«Биз бу йил 250 мингдан 300 минггача қочқинни қабул қилишга тайёргарлик кўряпмиз. Мамлакат ҳудудига катта миқдордаги одамларнинг келиши эҳтимоли кам», — деб таъкидлаган Вайс.

«Агар кўпроқ келишса, биз босим остида ишлай бошлаймиз, лекин 2015 йилнинг ёзидаги ҳолат такрорланмайди», деган у. 

Ўтган йилда Германияга Яқин Шарқ, Афғонистон ва Африкадан миллиондан ортиқ қочқин келганди.

ГФР ИИВ маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида бошпана сўраб 390 мингдан ортиқ киши мурожаат қилган. Улардан қанчаси 2016 йилгача, яна қанчаси 1 январдан кейин Германияга келгани маълум эмас.

Bild нашри маълумотига кўра, айни вақтда Германиядан бошпана сўраган жами 530 мингдан ортиқ кишини мурожаати кўриб чиқилмоқда.

Германияда сентябрь ойи ўрталарида йирик немис компаниялари раҳбарларининг Ангела Меркель билан учрашуви бўлиб ўтади. Учрашувда канцлер уларга қочоқларни кўпроқ ишга қабул қилишга чақириши кутилмоқда.

Мавзуга оид