Ўзбекистон | 20:40 / 29.08.2016
115050
2 дақиқада ўқилади

Кремль Ислом Каримовнинг саломатлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Россия президентининг матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков Кремль Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг соғлиғи ҳақидаги хабарлар туфайли чуқур ташвишдалигини билдирди ва президентга соғлик тилади. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар берган.

«Биз Ўзбекистон президентининг бетоблигидан чуқур ташвишдамиз. Москва расмийлари номидан Ислом Каримовнинг тез орада соғайиб кетишини тилайман.

Биз ҳозирда фақат ОАВдаги ва дипломатик каналлардан келаётган хабарларгагина эгамиз», деган Песков.

У шунингдек, Ўзбекистонда вазият чигаллашиши мумкинлиги ҳақида билдирилаётган тахминларни «мулоҳазасизлик» деб атаган ва бундай тахминларга фикрини билдирган.

«Яна бир бор қайтараман, биз Ўзбекистон президентининг тезда соғайиб кетишини тилаймиз. Биз ўзаро муносабатларни қадрлаймиз, яқинда Каримовнинг Россияга ташрифи доирасида тузилган режалар ҳам икки давлат ўртасидаги истиқболли ҳамкорликдан нишона бўлганди. Ўзбекистондан ижобий хабарлар кутиб қоламиз», дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов стационар даволанишда эканини маълум қилди.

Бугун эса Лола Каримова-Тиллаева президентнинг аҳволи барқарорлигини билдирди.

Мавзуга оид