Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим, унинг ёпиқ сиёсати қирғиз ва қозоқларга имконият яратди — Асқар Акаев
Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда олиб борган ташқи сиёсати ҳақида фикр билдирди. "Барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Шунинг учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим", деди у.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистоннинг ташқи дунёга нисбатан ёпиқ иқтисодий сиёсати қирғиз ва қозоқ тадбиркорлари учун катта имконият яратди, дея таъкидлайди Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев.
Сиёсатчи сўзларига кўра, агар Каримов ҳам Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев каби сиёсат юритганида, ўша пайтда қирғиз тадбиркорлари ўзбек бизнеси билан рақобатлаша олмаган бўларди.
“Мен қирғизларнинг савдо-сотиқни ўзлаштириб олганига ҳайрон қолдим. Бу катта муваффақият бўлди. Бу — қирғизларнинг қобилиятли эканини, мослашувчанлигини кўрсатади. Ростини айтсам, 90- йилларда, президент бўлганимда, менда бунга шубҳа бор эди. Қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб кета оладими, ўзбеклар билан рақобатлаша оламизми, деб кўп ўйланардим. Чунки менинг назаримда бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби улар совет давридаёқ бунга тайёр бўлган. Аммо барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Шунинг учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди. Агар рақобат бўлиб, Ислом Каримов Ўзбекистонни очиб қўйганда эди, мана, ҳозир Мирзиёев каби дунёга очилганда эди, биз улар билан рақобатлаша олмас эдик”, деган сиёсатчи подкастлардан бирида.
Асқар Акаев ким?
Асқар Акаев Қирғизистонни 1992 йилдан 2005 йилгача бошқарган. Дастлаб у минтақада “демократия ороли”ни яратишга уринган ислоҳотчи сифатида эътироф этилади. 2005 йилдаги “Лола инқилоби” фонида ҳокимиятга Қурманбек Бакиев келгач, ағдарилган президент Москвага қочишга мажбур бўлади.
Кейинчалик Қирғизистонда Акаевга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 1992 йилда “Камеко” компанияси билан бош шартнома тузишда ва 2003 йилда “Қумтор” лойиҳасини тасдиқлашда бепарволик қилганлик айби қўйилди. Сўнгра “собиқ президент” мақомидан маҳрум этилади. Бироқ 2021 йил августида Акаев Қирғизистонга қайтиб, “Қумтор” иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, “Қумтор” лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишда хатоларини тан олди ва узр сўради. 2023 йилда Акаевга нисбатан жиноий таъқиб қилиш даъво муддати ўтгани сабабли тугатилди.
Акаев ва Каримов муносабатлари
Гарчи иккиси ҳам постсовет ҳудудида ўз давлатларини бир вақтда мустақилликка олиб чиққан бўлса-да, Ислом Каримов ва Аскар Акаев ўртасидаги муносабатлар анча мураккаб ва зиддиятли бўлган.
Акаев 1990 йилларнинг бошида Ғарб қадриятларига асосланган, очиқроқ ва либерал сиёсат юритишга ҳаракат қилади. Каримов эса кучли марказлашган ҳокимият ва қатъий тартиб-интизом тарафдори эди. Каримов Акаевнинг либерал сиёсатини минтақа хавфсизлиги учун хатарли ва заиф деб ҳисоблаган бўлса, Акаев Ўзбекистондаги авторитар бошқарув усулини тез-тез танқид қилиб турарди. Шунингдек, Қирғизистон сув, Ўзбекистон эса газ ва энергия ресурсларига бой мамлакатлар. Совет давридан қолган тақсимот тизими бузилгач, бу икки давлат ўртасида жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Қирғизистон қишда кўпроқ энергия ишлаб чиқариш учун сувни очиб юборишга мажбур бўларди, ёзда эса сувни тўпларди. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун сув танқислигини келтириб чиқара бошлайди. Бунга жавобан Ўзбекистон Қирғизистонга газ узатишни чеклаб қўя бошлайди. Муносабатлардаги энг йирик инқирозлардан бири 1999 йилдаги Боткен воқеалари билан боғлиқ. Ислом Каримов Акаев ҳукуматини жангариларга қарши етарлича курашмасликда ва чегараларни қўриқлай олмасликда айблайди. Ушбу воқеалардан сўнг Ўзбекистон бир томонлама тартибда Қирғизистон билан чегара тартибини қаттиқлаштиради.
Мавзуга оид
14:10 / 19.03.2026
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди
14:36 / 30.01.2026
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди (фотолар)
11:35 / 06.09.2025
Каримов ва Раҳмон ўртасида совуқчилик. Бунинг сабаблари нима эди?
15:11 / 25.06.2025