Жаҳон | 18:00 / 03.09.2016
11977
2 дақиқада ўқилади

Абэ ҳудудий тортишувларга чек қўйишга чақирди

Япония бош вазири Синдзо Абэ РФ президенти Владимир Путинни ҳудудий тортишувларга барҳам бериш ҳамда рус-япон муносабатларининг янги босқичини бошлашга чақирди. 

У, Шарқий Иқтисодий Форум пленар кенгашида чиқиш қилар экан, шундай таклифларни билдирди. 

Япония ҳукумати раҳбари "икки мамлакат ўртасида тинчлик шартномасини имзоламасликни номақбул" деб ҳисоблашини билдирган. 

"Биз бу ерда – тарих олдидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда бўлиб турибмиз. Япония ҳукумати раҳбари сифатида Токио қараши тўғрилигига ишонганимдек, Россия раҳбари сифатида Кремль нуқта-и назари ҳақлигига ишонасиз". 

"Агар биз шундай кайфиятда давом этсак, ҳудудий мунозаралар ўнлаб йиллар давом этади, - деган Абэ. – Бу масалани ҳал этмасак, келгуси авлодга кенг имконият қолдира олмаймиз".

"Владимир, биз бир авлод вакилларимиз, -давом этган Абэ. – Келинг, жасурлик қилиб, қийинчиликларга барҳам бериб, келажак авлодга тинчликни мерос қолдирайлик, унда, Россия ва Япония биргаликда салоҳиятини намойиш этсин. Келинг, 70 йилдан ортиқ давом этаётган номақбул ҳолатга чек қўямиз ва биргаликда яна 70 йил давом этадиган рус-япон муносабатларининг янги даврини бошлаймиз".

Россия ва Япония ўнлаб йиллардан бери Тинчлик шартномасини ишлаб чиқиш устида иш олиб боради. Унинг имзоланишига Япониянинг Жанубий Курил оролларига даъвоси қаршилик кўрсатиб келмоқда. 1956-йилда СССР ва Япония ўртасида уруш ҳолатини тўхтатиш қўшма декларация имзоланган эди.

Мавзуга оид