Туркия Сурияда янги фронт очди
Туркия танклари Сурия ҳудудига кириб, ИШИД жангарилари позицияларини ўққа тутди, деб хабар бермоқда DHA ахборот агентлиги.
Туркия армияси ўтган ҳафтада ИШИДга қарши "Фрот қалқони" деб номланган операцияни бошлади ва Сурия мухолифати иштирокида Суриянинг Жараблус шаҳрини қўлга олди. Сурия Курдистонида Туркия Жараблус шаҳридан кейин Ар-Раи (50 км ғарбга томон), ундан кейин Ал-Боб (Ар-Раидан жанубга томон 50 км узоқликда) шаҳрини қўлга олишни режалаштираётгани айтилди. Ал-Боб орқали Ҳалабга йўл очилади.
Маълумотларга кўра, операциянинг 11-куни 20 та танк, 5 та бронетранспортёр ва юк машинаси Суриянинг ИШИД назоратида бўлган ҳамда Туркиянинг Килис вилоятидаги Чўбонбей қишлоғи яқинидаги ҳудудига кириб, жангарилар позицияларини ўққа тутди.
Маълум қилинишича, туркиялик ҳарбийлар техника ўта олиши учун Сурия билан чегарада қурилаётган девордан дарча очишган.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги курдларга Фротдан шарққа томон кетишни талаб қилиб ультиматум қўйганди. АҚШ Туркиянинг курдларга зарба бераётганини танқид қилган ва эътиборни ИШИДга қарши курашга қаратишга чақирган. Дамашқда Анқаранинг ҳаракатлари Сурия суверенитетининг бузилиши деб аталган.