Ўзбекистон | 18:44 / 07.09.2016
26611
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда Ислом Каримов вафоти муносабати билан БМТ байроғи туширилди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан 6 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи олдидаги флагштокда БМТ байроғи тушириб қўйилди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар марказига асосланиб «Жаҳон» агентлиги хабар берган.

Ислом Каримов хотирасига ҳурмат белгиси сифатида БМТнинг Женевадаги бўлими биноси олдидаги флагштокда ҳам ташкилот байроғи тушириб қўйилган, бошқа аъзо мамлакатларнинг байроғи эса ечиб олинган.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун президент Ислом Каримовнинг ҳаётдан кўз юмганидан чуқур қайғуга ботганини маълум қилган эди. У марҳумнинг оиласи, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига ўз ҳамдардлигини билдирган.

БМТ раҳбари республиканинг биринчи президенти томонидан Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги мустаҳкам шерикчиликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.

«Ислом Каримов 2009 йилда кучга кирган Марказий Осиёни ядродан холи ҳудуд бўлишини таъминлаш бўйича келишув амалга ошиши учун фаол ҳаракат қилган. БМТ Бош котиби Ўзбекистон ҳукумати ва халқи билан қалин алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори ҳисобланади», дейилган баёнотда.

Мавзуга оид