Спорт | 14:22 / 07.09.2016
8371
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Украина 2018 йилги ЖЧни бойкот қилиши мумкин

Украина терма жамоаси саралаш босқичидан ўтиб 2018 йилги Жаҳон чемпионатига йўл оладиган бўлса, сиёсий сабаблар туфайли Россияда ўтадиган бу мундиални бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда Украина футбол федерациясидаги манбасига асосланиб, "Известия" нашри хабар тарқатган.

Ҳозирда бу масала мамлакат раҳбарияти даражасида кўриб чиқилмоқда.

"Украина ҳукумати ва УФФ вакиллари 2018 йилги жаҳон чемпионатини бойкот қилиш ҳақида жиддий ўйлашмоқда. Украина томони 2018 йилда ҳам Россия билан муносабатлар таранглигича қолади деб ҳисобламоқда. Шу туфайли Украина футбол федерацияси амалдорлари терма жамоа турнирга йўлланма олган тақдирда, бу йўлланмадан ихтиёрий равишда воз кечиш вариантини муҳокама этишмоқда", деган манба.

Украина терма жамоаси саралаш босқичида I гуруҳида Исландия, Финландия, Косово, Хорватия ва Туркия билан бирга иштирок этмоқда. Биринчи турда украинлар исландлар билан дуранг ўйнади. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган терма жамоа мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма олади. Иккинчи ўрин соҳиби эса плей-офф баҳсларида иштирок этади.

Манба: Tribuna.uz

Мавзуга оид