Ислом Каримов тутган кундалик (5-қисм)
Буюк устоз Одил Ёқубовнинг Ислом Каримов ҳақида айтган сўзлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. У пайтлар Одил Ёқубов нафақага чиққан, хукумат эътиборидан бироз четда, кекса ва хаста ҳолатда эди. У кишининг олдига борганлар ғамгусорлик билан "Нага фалончи фалончилар қаҳрамон бўлди-ю, сиз бўлмадингиз, ҳолбуки энг лойиғи сиз-ку, бунга чидаб бўладими?", — дейишар, Одил Ёқубовни Ислом Каримовга қарши гиж-гижлашарди. Одил ака босиқлик билан жавоб қайтаришга уринар, аммо эътирозлари ҳавога учарди.
Ўша кунларнинг бирида Одил ака шундай деган эди: “Ҳозир мукофотга қизиқиш ёшидан ўтганман. Қасам ичиб айтаман, мени ҳеч қанақа мукофот қизиқтирмайди. Ҳозир Азроил келиб, яна бир ой яшайсиз, яна бир ой яшашингизни Худо кафолатлади, деса шу менга олий мукофот. Агар яна бир йил яшайсиз, мазза қилиб тоза ҳаводан нафас оласиз, невара-чевараларингиз бағрида ўйнаб кулинг, енг, ичинг, ижод қилинг деса, бу инъом менга Нобель мукофотидан ортиқ. Мен ҳозир яшашдан бошқа мукофотни ўйлаётганим йўқ. Ислом Каримов эса мен учун мардлик ва жасорат тимсоли.
Мен уни Москвада, Съездлар саройида СССР Вазирлар маҳкамасининг Раиси Николай Рижков билан қандай тортишганини ўз кўзим билан кўрганман. У пайтлар Ўзбекистон СССР таркибидаги мустамлака республика эди. Уларга тик қарашга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Аммо Ислом ака Рижковга:
— Мен Ўзбекистон Республикасини Мустақил Давлат деб эълон қиламан, ҳамма ер ости, ер усти бойликларини Ўзбекистон халқининг мулки деб эълон қиламан, - деди.
— Ўзбекистондаги ҳарбий базалар, олтин конларидаги қимматбаҳо техникалар Москванинг мулки-ку, сен уларга қандай қилиб эгалик қиласан, - деди Рижков.
— Ўзбек халқи уларнинг пулини етмиш йил мобайнида тўлаб қўйган, - деди Ислом ака тап-тортмай.
— Мен ҳарбий мутахассисларимни, олтин конларида ишлаётган ноёб кадрларимни чақириб оламан, кейин нима қиласан? - деди Рижков.
— Мен, ўз Ватанимни кўкрагимни қалқон қилиб ҳимоя қиламан, Ватанимда Ўзбекистонни ҳимоя қиладиган миллионлаб фидойи бор. Ўзбекистондаги олтинларни мана шу тирноқларим билан қазиб олиб, халқимни келажаги учун ишлатаман, - деди Ислом Каримов ва икки қўлини панжаларини очиб, Рижковга кўрсатди. Рижков Ислом аканинг кенг очилган қўлларини, юзидаги важоҳатни, сўзларидаги шиддатни, кўзларидаги ғазабни кўриб тисарилди, бир сўз айтолмай, ҳайиққанча ортга бурилди.
Бу воқеа Кремлда бўлган эди. У пайтлар мен ҳам, Ислом ака ҳам СССР халқ депутатлари эдик. Бу воқеани ҳеч қачон унутмайман. Шу воқеадан кейин Ислом Каримов мен учун мардлик ва жасорат тимсоли бўлиб қолди. Нурсултон Назарбоев ўша пайтлардаёқ Ислом ака ҳақида: “Ислом Абдуғаниевич Президент бўлиб сайланиши керак, лозим бўлса Ўзбекистонга бориб ташвиқотларда қатнашаман, у дўстим, у табиатнинг нодир истеъдоди, юз йилликнинг буюк инсони! - деганди.
Ислом Абдуғаниевич, халқига хизмат қилишни ўзининг олий бурчи деб биларди. Қанчалик юқори мансабларда ишламасин, баланд минбарларда сўзламасин, салтанатнинг жуда катта бойликлари изнида бўлмасин, оддий халққа хизмат қилишни, уларнинг дардини эшитишни асосий вазифа деб биларди. Биз Ислом Каримовнинг шу фазилатларидан ўрнак олишимиз керак.
Қашқадарёликлар менга бир воқеани айтиб берганди: Ислом Каримов Қашқадарё далаларида юрганида, кенг пахтазорда пахта суғориб юрган бир сувчини кўради. Айни кун қизиган пайт, бийдай далада ҳеч ким йўқ.
Нега бу одам жазирамада дам олмаяпти деб, машинани сувчини олдига ҳайдашни буюради. Сувчи ҳам ёнига обкомнинг биринчи котиби келганидан бехабар индамай ишини қилаверади. Ислом Абдуғаниевич сувчи билан илиқ муомалада ҳол-аҳвол сўраб: — Айтинг, сизга ҳозир нима керак, чайла қуриб берсинларми, трактор керакми, ё тушлик келтиришсинми, агар ҳозир машина сўрасангиз, машина бераман, — дебди.
Сувчи: — Э, қўйинг ҳеч нарса керак эмас, ҳозир сал носнинг хумори тутиб турибди, далани ташлаб носга бориб келай десам, ғўзани сув уриб кетади, бормай десам, тарки одат амри маҳол, қани бир отимгина нос бўлсайди, — дебди.
Ўшанда Ислом Абдуғаниевич обком бўлишига қарамай сувчига ўзи нос олиб келган,( у одам обкомга нос олиб келтиртирган сувчи сифатида машҳур бўлган) кейинчалик ҳосил байрамида ўша сувчига мотацикл совға қилган экан.
Ислом Абдуғаниевич ҳамиша халқнинг дарди билан яшайдиган инсон. Халқи учун ёниб яшайдиган, ҳалол ва фидоий шу одамдан, “Нега менга мукофот бермаяпсиз?” деб сўрайманми ? Шу одамнинг жафокаш ўзбек халқига хизматининг ўзи – барчамиз учун мукофот. У одамнинг қилаётган хайрли ишлари барчамиз учун мукофот. У кишининг қураётган бинолари, солаётган йўллари, одамларнинг ақлий салоҳиятларини кўтараётганликлари, одамлар ҳам маънавий, ҳам моддий бойиётгани ҳаммамиз учун мукофот. Мен учун ҳам, сиз учун ҳам, халқ учун ҳам бундан ортиқ мукофот йўқ.
Ўзбек халқининг буюк ёзувчиси Одил Ёқубов Ислом Каримов ҳақида шундай хайрли воқеаларни гапириб берганди.
>> Ислом Каримов тутган кундалик (1-қисм)
>> Ислом Каримов тутган кундалик (2 қисм)
>> Ислом Каримов тутган кундалик (3-қисм)
>> Ислом Каримов тутган кундалик (4-қисм)
Шоир Муҳаммад Исмоил.
Манба: diydoraziz.uz
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024
Фото: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
20:03 / 26.08.2024
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
22:12 / 14.02.2024