Жамият | 21:17 / 12.09.2016
10132
2 дақиқада ўқилади

Эстониялик фермерлар парламент биноси ёнига 10 минг сут шишасини қўйишди

Эстония Фермерлар марказий уюшмаси Таллиндаги парламент биноси олдига (Рийгикогу) 10 минг сут шишасини қўйди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги маълум қилди. 

Фермерлар парламент кузги сессиясининг биринчи мажлисида ташкиллаштирилган ушбу акция орқали депутатларнинг эътиборини саноатдаги йўқотишларга қаратишга ҳаракат қилишган. 

"Ҳар бир пластик шиша бизга сўнгги икки йил давомида ноқулай иқтисодий иқлим туфайли хорижга кетган ёки сўйилган Европадаги энг яхши сигирларни эслатиб турсин", - деди акция ташкилотчиларидан бири, Эстония Фермерлар уюшмаси раиси Вахур Тиниссоо.

У қишлоқ ҳудудларида сигирларнинг сони камайиши натижасида ишчи ўринлари ҳам камайишини таъкидлаб ўтди. 

Сут ишлаб чиқарувчилар уюшмасида таъкидланишича, инқирознинг асосий сабаблари - ЕИ ва Россиянинг ўзаро санкциялари, шунингдек Евроиттифоқда сут ишлаб чиқаришга нисбатан чекловчи квоталарнинг бекор қилиниши. 

2016 йилнинг июнида Эстония бош вазири Таави Рийвас ЕИнинг Россияга қарши санкциялари мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётганини тан олганди.

"Эстонияга санкциялар қимматга тушмоқда, чунки у географик жиҳатдан Россия бозорига жуда яқин жойлашган. Бизнинг маҳсулотларимизга нисбатан жорий қилинган тақиқ Эстония фермерларига катта қийинчиликлар туғдирмоқда", - деди бош вазир. 

Эстония статистика департаменти маълумотларига кўра, 2015 йилда бу мамлакатдан Россияга қилинган экспорт 35 фоизга қисқарган.
 

Мавзуга оид