Ўзбекистон | 12:38 / 14.09.2016
51548
2 дақиқада ўқилади

Пахта толасини сотиш тартибига ўзгартириш киритилди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 августидаги қарорига мувофиқ, пахта толасини экспорт қилиш ва республикадаги корхоналарга етказиб беришни «Ўзпахтаэкспорт» АЖ эркин алмаштириладиган валютада бажариши белгиланди. Шартномалар, бевосита ёки Республика товар, хом-ашё биржаси орқали тузилиши мумкин. Бунда, пахта толаси етиштириш ва уни етказиб бериш ўртасидаги мувозанатни сақлаш эътиборга олиниши керак, деб ёзмоқда Norma.uz сайти. 

Пахта толасини сақлаш ва экспорт қилиш, маҳаллий корхоналарга юбориш фақат пахта терминаллари орқали амалга оширилади. Хорижий харидорлар, республика корхоналари айнан ўша ерда пахта толасининг сифати ҳамда вазнини аниқлаб, қабул қилиб олишлари мумкин. 

Ҳужжатга кўра: 
- Пахта толасини сотиш ва «Ўзпахтаэкспорт» АЖнинг «Ўзпахтасаноат» АЖ ҳудудий шахобчалари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги; 
- Пахта толасини Ўзбекистон Республикаси товар, хом-ашё биржаси савдолари орқали республика корхоналари ва экспортга сотиш тартиби тўғрисидаги;
- Пахта толасининг вазнини аниқлаш ва сертификатлаш тартиби тўғрисидаги қоидалар тасдиқланган. 

Ҳужжатда шунингдек, «Ўзпахтаэкспорт» АЖнинг янгиланган терминаллари рўйхати тасдиқланган. 

Мавзуга оид