Тинчлик, тенглик ва эзгулик - Ислом Каримов бошлаб берган стратегик вазифаларни давом эттирувчи асосий омиллардир
Ўзбек миллати ва халқининг отаси, раҳнамоси ва таянчи бўлган, мамлакатимизнинг биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафотидан сўнг барча юртдошларимизнинг кўз ёш тўкканликлари ва ҳатто хорижий давлатлар раҳбарлари, фуқароларининг ҳам ғамнок ҳолатга тушиб, И.Каримов ҳақида дилидаги ижобий туйғуларини ифодалашлари марҳумнинг барча соф кўнгилли инсонлар қалбидан қай даражада мустаҳкам жой эгаллаганлигини кўрсатади.
Бунга эса, марҳум Ислом Каримовнинг ҳаётлигида, қайси лавозим ва ишда бўлмасин, ўзининг мард ва жасурлиги ва энг асосийси, ҳар бир ишда ҳақиқат ва адолатни топиш ҳамда ўрнатишга бўлган фаолияти сабаб бўлган десак, муболаға бўлмаса керак.
Чунки И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганидан бошлаб, вафотига қадар мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳарбий, маданий ва бошқа соҳалар бўйича қабул қилган қонун ва қонун ости ҳужжатлари, оммавий ахборот воситалари орқали ички ва ташқи сиёсат ҳамда вазиятлар бўйича қилган маъруза ва мулоқотларида ҳамиша ижтимоий адолат ва ҳақиқат ўз ифодасини топганлигини фикримизнинг далили дейиш мумкин.
И.Каримовнинг юқорида қайд этилган хислат ва фазилатлари хусусида унинг атрофида бевосита бирга фаолият кўрсатган инсонлар кўпроқ маълумотга эга эканликлари ва келажакда бу ҳақда кенгроқ маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилиниши мумкинлиги Ўзбекистоннинг биринчи Президенти шахси нақадар буюклиги кенг оммага маълум қилиниши пировардида келажак авлод учун давлат ва жамиятни ижтимоий адолат тамойиллари асосида бошқаришнинг амалий намунаси бўлиб қолиши, айни ҳақиқатдир.
Шу маънода мен ҳам биринчи Президентимиз И.Каримовнинг юқоридаги хислатлари ҳақида йигирма беш йиллик давлат хизматидаги иш фаолиятимда эътирофлар эшитиш ва икки марта бевосита учрашганимда гувоҳи бўлганман.
Эсимда, мустақиллигимизнинг илк йиллари, яъни 1994 йилда давлатимиз раҳбари хорижий молия институтларидан бири билан Бухорода нефтни қайта ишлаш заводини қуришга имтиёзли кредит ажратилиши бўйича оғзаки келишув, яъни халқаро ҳуқуқда белгиланган “жентельмен келишуви”га эришди. Шу асосда Адлия вазирлиги тегишли халқаро молия институтига Ўзбекистоннинг расмий кафолат хатини бериши лозим эди.
Ушбу кафолат хатини белгиланган тартибда тайёрладим ва жўнатишда эса, айрим эскича фикрлайдиган раҳбарларнинг манманлиги билан бироз ушланиб қолганлигига барҳам берилиб, ўз вақтида тақдим этилиши ва пировардида ўша пайтда мустақил Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан том маънода эътироф этилиши, яъни де-юре бўлишига эришиш ўта муҳим эканлигини давлатимиз раҳбари жуда яхши билганликларини яна бир бора эътироф этиш жоиздир.
Бундан ташқари, 1997-1999 йилларда Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонаси Консуллик бўлимида ишлаган пайтимда иш юзасидан келган бир рус кишиси менга: «Ўзбекларнинг омади бор экан. Ислом Каримовдек одам Президент бўлди. Мен бу одамни собиқ иттифоқ пайтидаги иш фаолиятидан биламан. Айниқса, у Ўзбекистонда молия вазири бўлган пайтида ҳар доим Москвада бюджет тасдиқланадиган пайтда «нима сабабдан Ўзбекистонга Прибальтика ва Закавказье давлатларига ажратилганидан кам пул ажратасизлар, ҳолбуки, Ўзбекистон Иттифоқ бюджетига пахта, олтин ва бошқа бойликлар эвазига катта маблағ туширадику», деб эътироз билдирар эди. Шу боис ҳам Марказий қўмитада уни унчалик хушлашмасди», деган эди.
1996 йил 10 майда Туркманистоннинг Серахс посёлкасида Эрон орқали янги иқтисодий коридор очишга оид давлатлараро шартномани имзолашда мен давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходими сифатида ассиссентлик қилганимда ҳам Президентимизнинг юқоридаги хислатига гувоҳ бўлганман. Ушбу тарихий халқаро ҳужжатнинг имзоланиши айрим давлатларнинг манфаатига мос келмаганлиги боис ҳам уни имкон қадар имзолатмасликка уринишлар бўлганлигини сезган давлатимиз раҳбари столга келиб ўтирганларидан кейин менга: “Ушбу ҳужжатни барча Президентлар имзолашини таъминлашга ҳаракат қилинг. Имзоланган вариантларидан тегишлисини белгиланган тартибда ўзимиз билан олиб кетишимиз керак”, деган топшириқни бердилар. Ушбу тадбирда фақат мен томонимдан мазкур халқаро ҳужжатнинг ўзбек ва рус тилларидаги варианти барча Президентлар томонидан тўлиқ имзолатилди ва шу асосда кейин бошқа давлат Президентлари ҳам ўз ҳужжатларини имзоладилар ва мазкур коридорнинг ҳуқуқий асоси пайдо бўлди.
Шулардан ҳам хулоса қилиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ўз халқи ва Ватани тақдирига бефарқ бўлмагани ва ҳатто ўз мансаби ҳамда ҳаётини хавф остида қўйиб бўлсада, мустабидлик тузумида ҳам бу йўлда мардлик ва жасорат кўрсатганлиги ижтимоий ҳаёт ва тараққиётни жадаллаштиришда шахснинг роли ҳақидаги илмий хулосалар нечоғли ҳақиқат эканлигини кўрсатиб турибди.
Бугунги кунда қайси давлатда ижтимоий портлашлар ва бошқарувдаги муаммолар ёки экстремистик гуруҳларнинг пайдо бўлиши каби иллатлар юзага келган бўлса, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз И.Каримов томонидан олиб борилган оқилона сиёсат бевосита халқнинг, миллатнинг, жамият ва давлатнинг манфаатлари тенглиги ва барқарорлигига адолатли ёндашилганлиги боис ҳам бундай нохуш ҳолатларни четлаб ўтмоқда.
Бунинг замирида мустақиллигимиз абадийлигини таъминлаш учун ички ва ташқи сиёсат борасида тинчлик, тенглик ва эзгуликка йўғрилган бошқа халқаро тамойилларга оғишмай амал қилиш каби фаолият ҳам ётганлиги муҳим омиллардандир.
Энг асосийси эса, халқимиз ва миллатимизнинг ушбу мақсадларни ўз юрагига жо этганлиги ва шу йўлда ҳаммамиз бир тану-бир жон бўлиб, фидойиларча меҳнат қилишимиз мустақиллигимиз барҳаётлигини, шунингдек, биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган стратегик вазифалар ижросини таъминловчи омиллардан эканлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз зарур.
Шуҳрат Расулов
юридик фанлар номзоди
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024
Фото: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
20:03 / 26.08.2024
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
22:12 / 14.02.2024