Иқтисодиёт | 15:52 / 16.09.2016
10001
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,8 фоизни ташкил этди

15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиётни рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 6,7 фоизга ошди.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,8 фоизга ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоизга ошириш имконини берди.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилган.  

 Жорий йилнинг ўтган даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, улар мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси масалалари диққат марказида бўлди. Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 13 мингта якка тартибдаги уй-жой қуришни ташкил этиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни пайтда 5,1 мингдан зиёд уйлар қуриб битказилди. 

Муҳокамалар давомида депутатларнинг Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб беришди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмоновнинг қўшимча маърузаси эшитилди.
Ўзбекистон Давлат бюджетининг 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг мамлакатимиз Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг устувор йўналишлари бўлган кичик бизнеснинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш муҳимлигини таъкидладилар. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бу борада қиймати 267,5 миллиард сўмлик инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан 305 та давлат активлари хусусий мулкдорларга сотилган. Кичик бизнес субъектларига 8,3 триллион сўмлик кредит ажратилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ўсган. 

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишни янада рағбатлантириш, хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш учун хомашё ресурсларини очиқ биржа ва ярмарка савдоларида сотиш ҳажмини ошириш ва шу орқали уларнинг харид имкониятларини янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификация қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг юқори натижаларини алоҳида эътироф этдилар. Жумладан, йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 600 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилган. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар мажлис иштирокчиларининг диққатини аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишига қаратдилар. Хусусан, 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида 462,5 мингта янги иш ўринлари яратилганлиги, шундан 59,8 фоизи қишлоқ жойларида эканлигини эътироф этдилар. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш учун 4,4 триллион сўм, шунингдек, 111,0 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилганини таъкидлаб, мазкур дастурни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан доимий парламент назорати йўлга қўйилганлигини таъкидлаб ўтдилар. 
Шунингдек, фракция вакиллари ўз сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришга 82,7 миллиард сўм сарфланганини эътироф этган ҳолда, йўналтирилган маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этдилар. Депутатлар давлат илмий-техник дастурларининг устувор йўналишларини, тармоқлар бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, инновацион ишланмалар дастурларини молиялаштиришнинг мақбуллаштирилишига доир таклифлар билдирдилар.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари таъкидладиларки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий ҳамда тоза технологияларни кенг жорий этилишига хизмат қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Мавзуга оид