Жамият | 11:02 / 20.09.2016
7678
3 дақиқада ўқилади

Андижонда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосарининг телекўприк орқали сайёр қабул бўлиб ўтди

Куни кеча Андижон вилояти Асака туманида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаевнинг жисмоний ва юридик шахслар вакилларини ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этилган телекўприк орқали сайёр қабули бўлиб ўтди.

Ўтказилган қабулда Асака туман ҳокими ва масъул ходимлари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси вакиллари, вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг вилоятдаги филиал ва бўлимлари раҳбарлари, туманидаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, туман фаоллари, тумандаги касб-ҳунар коллежларида ахборот-технологиялари йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар, фуқаролар ва тадбиркорлар иштирок этдилар.

Сайёр қабул кун тартибида Ахборот технологиялари ва коммуникациялари йўналишида олиб борилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар ва ушбу йўналишда жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати тўғрисидага масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир ташкилий масалаларини вазирликнинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лазизбек Усманов ташкиллаштирди. Йиғилиш қатнашчиларга ўтказилаётган сайёр қабулни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда давлат органлари раҳбарларини қабулида бўлиш имкониятлари яратилганлиги ва сайёр қабул телекўприк орқали ўтказилиши бўйича тушунтириб ўтди.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев Республикамизда аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатишни кенгайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, “Электрон ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш устувор аҳамиятга эга эканлиги ҳамда сўнгги йилларда Андижон вилоятида, жумладан Асака туманида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан маъруза қилди.

Телекўприк орқали қабулда иштирок этган тадбиркорлар, фуқаро ва талабалар томонидан Рақамли телевидениени ривожлантириш, интернет тармоғида талабалар учун керакли бўлган маълумотлар тўпламини янада кенгайтириш, қишлоқ жойларга янги технологияларни олиб киришни жадаллаштириш ҳамда мобил алоқа операторлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан саволлар ва таклифлар берилди. Мурожаатчилар томонидан берилган савол таклифлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев ва вазирликнинг бўлим бошлиқлари томонидан тегишли маълумотлар берилди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид