Жамият | 08:51
520
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 2,5 килограммга яқин гашиш мусодара қилинди

Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қарийб 2,5 килограмм гашиш моддаси мусодара қилиниб, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганликда гумонланаётган бир неча шахслар қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадрлар

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бўйича бошқармаси, ички ишлар ҳамда божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Асака туманида ўтказилган тезкор тадбирда Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб, текширилди.

Кўздан кечириш жараёнида транспорт воситасида бўлган Наманган ва Марғилон шаҳарларида яшовчи 1970, 1981 ва 1984 йилларда туғилган уч нафар фуқарога тегишли 2 килограмм гашиш моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Шунингдек, Марҳамат туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Қува шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомашинаси текширилганда, ундан 497 грамм гашиш моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Маълум қилинишича, мазкур турдаги гиёҳвандлик воситалари мамлакат ҳудудига хориждан контрабанда йўли билан олиб кирилган бўлиши мумкин.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, гумонланувчиларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мутасаддилар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид