Жамият | 13:28
5574
3 дақиқада ўқилади

Андижондаги поликлиникада фожиа: 4 киши вафот этди

Марҳаматдаги Марказий поликлиникада – чиқинди сувлар тўпланадиган насос агрегаторини тозалаш вақтида 57 ёшли сантехник газдан заҳарланган. Уни қутқаришга ҳаракат қилган яна 3 киши – қоровул, электрик ва чиқинди машинаси ҳайдовчиси ҳам заҳарланиб вафот этди.

Фото: Видеодан кадр

10 июнь куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги марказий поликлиникада инсонлар ўлимига сабаб бўлган фожиа юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода дастлаб поликлиника ходими ҳожатхонани тозалаш учун чуқурга (колодец) тушиб кетгани айтилади.

Kun.uz'га маълум бўлишича, Марказий поликлиника ҳудудида жойлашган тозалаш иншооти – чиқинди сувлар тўпланиш сиғими насос агрегаторини тозалаш вақтида 57 ёшли сантехник Н.И. газдан заҳарланган. Уни қутқаришга ҳаракат қилган яна 3 киши – қоровул, электрик ва чиқинди машинаси ҳайдовчиси ҳам заҳарланиб вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Марҳаматдаги ҳолатда қутқарувчилар 4 жасадни чиқариб олгани тасдиқлади.

Kun.uz мухбири билан гаплашган Андижон вилояти ИИБ матбуот котиби тез орада расмий муносабат берилишини маълум қилди.

Андижон вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғига асосан воқеа жойига зудлик билан вилоят ҳокимининг икки нафар ўринбосари етиб борган.

«Вафот этганларнинг ҳар бир хонадонига борилиб, оила аъзоларига вилоят ҳокими номидан чуқур ҳамдардлик билдирилди ҳамда дафн маросимини ташкил этиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар ҳал этилди», дейилади ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ваколатли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Ҳолат мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ назоратга олинган», дея қўшимча қилган ҳокимлик.

Кейинроқ ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси баёнот берди. Маълумотга кўра, 4 ходим оқова ва чиқинди сувлар тўпланадиган бункерни тозалаш мақсадида унинг ичига тушган вақтда бункер ичида заҳарланиб, суюқ ахлат ичига тушиб кетиб, воқеа жойида вафот этган.

Фуқароларнинг мурдалари бункер ичидан чиқариб олиниб, уларнинг ўлими сабаблари шунингдек, бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида суд-тиббий ва бошқа зарур экспертизалар тайинланган.

Ҳолат юзасидан 10 июнь куни Марҳамат туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш — одам ўлимига олиб келган ҳолатда) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.

«Тергов ҳаракатларининг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган бўлиб, якунига кўра айбдор шахсларнинг айблилик масаласи ҳал этилиши билан бир қаторда, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади прокуратура баёнотида.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид