Иқтисодиёт | 18:09 / 23.09.2016
6002
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Германия: 2016 йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми 304,4 миллион долларни ташкил этди 

Тошкент шаҳрида 23 сентябрь куни “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг, Ўзбекистондаги Германия иқтисодиёти клуби президенти, “Commerzbank AG” ваколатхонаси раҳбари Бодо Тёнс ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, ушбу анжуман савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. 

Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2015 йилда 521,5 миллион, жорий йилнинг январь-июль ойларида эса 304,4 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда германиялик сармоядорлар иштирокида тузилган 112 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар савдо, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, фан-таълим каби соҳаларда иш юритмоқда.

Ўзбекистонда корпоратив бошқарувнинг самарадор усулларини жорий этишда ривожланган давлатлар, хусусан, Германия тажрибаси ўрганилмоқда.  Германиянинг “Daimler”, “Siemens”, “BMW”, “Lufthansa”, “Thyssen Krupp”, “MAN”, “Knauf” сингари 25 етакчи компанияси ташаббуси билан 2002 йилда асос солинган Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорлик бу борада муҳим роль ўйнамоқда.

Анжуманда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, сармоя, энергетика, машинасозлик, корпоратив бошқарув, банк-молия, экспорт-импорт каби соҳа ва йўналишлардаги алоқаларни янада ривожлантириш, Германия компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Мавзуга оид