Филиппин полициячиси президент буйруғи билан оммавий қотиллик содир этилганини тан олди
Филиппин миллий полициясининг юқори мартабали ходими The Guardian мухбири билан бўлган суҳбатда мамлакат президенти Родриго Дутерте буйруғи билан гиёҳванд моддалар сотувчи ҳамда уларни истеъмол қилувчи кишиларни ўлдирганини тан олди. Номи ошкор қилинмаган суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҳукумат гиёҳванд модда савдоси ёки унинг истеъмолида гумон қилинувчи кишиларни тергов ва суд ишисиз отиб ташловчи полициячилардан иборат махфий отряд тузган.
"Биз ёмон полициячи ҳам, ёмон одам ҳам эмасмиз. Биз шунчаки ёмон йўлдан юрган одамларнинг жонини осмонга қайтарувчи қуролмиз, фариштамиз, холос", - деди полиция ходими.
Офицернинг сўзларига кўра, жами 10 махфий отряд тузилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 16 нафардан киши хизмат кўрсатади. Полиция ходими биргина унинг ўзи сўнгги 3 ой ичида камида 86 қотилликка алоқадор эканини маълум қилган. "Буларнинг барчаси ҳузур-ҳаловат учун қилинаётгани йўқ", - дея таъкидлади манба.
Полиция ходими аксарият қотилликлар тунда содир бўлаётганини айтган. Қоп-қора либосга бурканиб олган махсус отряд хизматчилари ўз ишларини тез, аниқ ва гувоҳларсиз бажаришади. Қурбонларнинг жасади қўшни шаҳарга олиб кетилади ёки кўприк остига ташлаб кетилади - қатл қилинганларнинг боши скотч билан ўраб ташланади, танасига эса "гиёҳванд модда сотувчиси" ёзуви туширилган тахта ёпиштирилади. Полициячи журналистлар терговга вақтларини зое кетказмасликлари учун шундай қилинишини айтган.
Манбага кўра, махфий отрядлар Дутерте президентлик лавозимини эгаллагач, шу йилнинг ёз ойларида ташкил этилган. Жорий йилнинг 1 июлидан Филиппинда тахминан 3,6 минг нафар киши ўлдирилган.
Мавзуга оид
22:16 / 11.11.2024
Филиппинга «Торажи» тўфони ёпирилди
17:55 / 10.11.2024
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
13:05 / 09.11.2024
Россияда полиция «анъанавий қадриятлар»ни мустаҳкамлашни бошлайди
13:10 / 29.10.2024