Спорт | 19:32 / 05.10.2016
8630
2 дақиқада ўқилади

ФИФА 2018 ва 2022 йилги ЖЧ мезбонлиги танлови футболга қандай фойда келтирганини маълум қилди

© EPA/WALTER BIERI

Россия ва Қатар 2018 ва 2022 йилларда футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилиши футболда юз бериши мумкин бўлган энг яхши ҳодисалар қаторидадир. Бу хақда ФИФА вице-президенти Виктор Монтальяни маълум қилган. Унинг сўзлари Британиядаги Guardian нашри томонидан келтирилган.

Россия ва Қатар 2010 йилда бу чемпионатларга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

"Агар Россия ва Қатар чемпионатлар мезбонлигини қўлга киритмаганида, футболдаги коррупцияга қарши кураш бошланган бўлармиди? Менимча, айнан шу қарорлар футболдаги тозалашни бошлашга туртки бўлди. Эҳтимол, бу футболда рўй бериши мумкин бўлган энг яхши ҳодисалардир", деган Монтальяни.

ФИФА тарихидаги энг йирик можаролар 2015 йилнинг май ойи охирида юзага келганди. Ўшанда Цюрихдаги меҳмонхонада ташкилот президентлиги учун сайлов бошланишига 2 кун қолганида Швейцария полицияси ФИФАнинг бошқарув тизимидаги 7 нафар амалдорни коррупцияда гумон қилиб ҳибс қилганди. Кейинроқ, жами 14 нафар футбол амалдорига айблов эълон қилинди. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 24 йил давомида бу шахслар жами 150 млн доллар миқдоридаги маблағни пора сифатида олишган.

Манба: Tribuna.uz

Мавзуга оид