Жамият | 16:37 / 07.10.2016
20637
2 дақиқада ўқилади

Концерт ва йирик спорт ўйинларига чипта олиш машмашаси

Маълумки, Ўзбекистонда кўзимиз ўрганиб қолган ва гўёки уни ўзгартириб бўлмас аксиомадек қабул қилганимиз бир муаммо бор. У ҳам бўлса, халқ ҳурматига сазовор бўлган қўшиқчининг концерти ёки йирик спорт мусобақаларига чипта топиш муаммосидир. Аниқроғи, олибсотарлар томонидан сунъий яратилган муаммо. 

Узоққа бориб ўтирмайлик, куни кеча пойтахтимизнинг “Бунёдкор” стадионида ЖЧ-2018 саралаш босқичи яна бир тури доирасида ўйин бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда эса, ҳар сафар шу каби футбол байрами олдидан чипта масаласи, унинг нархи муҳокама этилади. Хусусан, 15 мингдан 30 минг сўмгача турган чипта “қўл”да 60-100 минг сўм атрофида сотилиши айтилади. Гарчи турли ОАВ томонидан мазкур муаммо ҳақида бир неча бор бонг урилганига қарамай, ҳолат ўша-ўша. 

Ҳар сафар, чипта топиш муаммо, бори қиммат. 

Наҳотки, Ўзбекистонда бу жараёнга масъул бўлган, чипталарнинг ўз нархида кассаларда сотилишини назорат қилувчи биронта ҳам мутасадди ташкилот бўлмаса?!

Майли. Бу масаланинг биринчи томони. Хўш, ислом дини шу каби масалалар ечимига нима дейди? Бу борада эътиборингизга, Ислом.уз сайтининг саволлар бўлимига келган мурожаатни ва унга берилган жавобни ҳавола этамиз, чипта олиб сотарлик билан шуғулланувчилар, зора ўзларига хулоса қилиб олишса. 

Ассалому алайкум! Футбол ўйинларига ёки концертларга олдиндан билет олиб қўйиб, кейинчалик ўйинга яқин қолганда қиммат нархда сотиш мумкинми?

Жавоб:
- Ва алайкум ассалом! Мумкин эмас. Валлоҳу аълам! 

Savollar.islom.uz маъмурияти. 

Мавзуга оид