Спорт | 20:11 / 12.10.2016
38646
3 дақиқада ўқилади

Фёдор Емельяненконинг балоғатга етмаган қизига тажовуз қилинган

Фото: «Коммерсантъ»

Москвада қоидасиз жанглар бўйича 8 карра ва самбо бўйича 9 карра жаҳон чемпиони Фёдор Емельяненконинг 9 ёшли қизига ҳужум қилинди. Воқеа ўтган ҳафта охирида юз берган, бироқ у ҳақда эндигина маълум бўлган. Бу ҳақда "Московский комсомолец" нашри хабар бермоқда. 

Нашр мухбири ҳужум 9 октябрда содир этилганини маълум қилган. Унинг айтишича, бўлган воқеани яширишга "кўрсатма" берилган.  

Маълумотларга кўра, Емельяненко қизи Валентина мактабдан қайтаётганда унга номаълум кимса ҳужум қилган ва кўкрагига урган. Бундай зарба ички аъзоларни ташқи жароҳатларсиз шикастлаш учун берилган бўлиши мумкин.

Бир муддат ўтгач, қиз болалар шошилинч жарроҳлиги ва травматологияси илмий-тадқиқот институтига етказилган. Текширувдан кейин шифокорлар унга "кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи шикастланиши" ташхиси қўйишган.

Нашрда ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари билан суҳбатда таъкидланишича, Валентинанинг ҳужумдан кейинги хатти-ҳаракатларига нисбатан баъзи саволлар пайдо бўлган: қизча унга ҳужум қилганларни таърифлаб бера олмаган ва гўёки ниманидир яшираётгандек кўринган. Полициячиларнинг айтишича, босқинчилар қизни чўчитган бўлиши мумкин.   

Бу орада илмий-тадқиқот институти "Р-Спорт" нашрига эркак томонидан урилган қизча келтирилганини маълум қилган. Институтда қизнинг исми айтилган, бироқ ОАВ ҳақидаги қонунга кўра нашр унинг исмини ошкор қилолмайди. Нашр маълумотларига кўра, гап 16 ёшли қиз ҳақида бормоқда. Бироқ "Московский комсомольец" мухбирининг айтишича, Емельяненконинг жабрланган қизи 9 ёшда.

Қайд этиш керакки, бу ҳодиса Емельяненко ва Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров яқин атрофидагилар ўртасида чиққан низо фонида юз берди. 5 октябрда Емельяненко Грознийда ўтган ММА мусобақасини танқид остига олганди. Собиқ жаҳон чемпиони мусобақада ёш болаларнинг кўргазмали жанглари ҳақиқийга яқин бўлгани, болаларга ҳимояловчи воситалар берилмаганини танқид қилганди ва бундай жангларга йўл қўйиб бўлмаслигини айтганди. Мусобақада жумладан Қодировнинг 10, 9 ва 8 ёшли 3 нафар ўғли ҳам иштирок этган.

Емельяненконинг бу гаплари Қодировнинг яқинлари томонидан ҳақоратдек қабул қилинган. Жумладан, унинг амакиваччаси, Россия думаси депутати Адам Делимханов Емельяненкога дўқ-пўписа қилган. 

Қодировнинг ўзи 7 октябрда Емельяненко ўз хатосини англаганини айтиб, "рус баҳодирини" ҳақорат қилмасликка чақирган.

Мавзуга оид