Жаҳон | 22:15 / 28.08.2024
6761
2 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодировнинг қизлари 2017 йилда Францияга бошқа фамилия остида учгани маълум бўлди

Чеченистон етакчисининг қизлари Парижда Айшат Қодирова бошқариб келадиган Firdaws модалар уйининг намойишида иштирок этган.

Фото: РИА Новости

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодировнинг қизлари — Карина, Табарик ва Хеди 2017 йили отасининг шахсий самолётида Францияга учишда бошқа фамилия ёзилган паспортлардан фойдаланган. Бу ҳақда Россия чегарасини кесиб ўтганликка оид маълумотлар базасидан тарқалган фактларга таяниб, «Агентство» хабар берди.

Нашр келтирган скриншотларга кўра, улар Грознийдан Францияга 2017 йил 12 июл тонгида VQBVQ давлат рақамига эга самолётда парвоз қилган. «Дожд» телеканали ўша йили Қодиров фойдаланадиган Airbus ACJ319 бизнес-жетининг рақами шундай эканини маълум қилганди.

Чеченистон етакчисининг қизлари чегарани кесиб ўтишда Мусаева фамилияси ёзилган паспортлардан фойдаланган. Ҳужжатларда қизларнинг ўз исми, шунингдек, туғилган саналари қайд этилган. Ушбу паспортлар ҳозир ҳам амалда экани айтилмоқда.

Самолёт бортида, шунингдек, «Проект» лойиҳаси Қодировнинг иккинчи рафиқаси деб атаган Фотима Хазуева ҳам бўлган. У билан бирга ўша вақтда беш ёш бўлган қизи Ашура ҳам учган. Ашура онасининг фамилияси ёзилган ҳужжатлардан фойдаланган.

Тарқалган маълумотларга кўра, самолётда жами 21 киши бўлган. Хусусан, Чеченистон ИИВ Хўжалик ва сервис таъминот маркази бошлиғи Роман Сулаймонов ва «Терек» махсус кучлари офицери Мосвар Адалаев ҳам Францияга учган.

«Агентство»нинг ёзишича, Парижда Рамзан Қодировнинг қизи Айшат Қодирова бошқариб келадиган Firdaws модалар уйининг намойиши бўлиб ўтган.

Рамзан Қодиров 2014 йилдан бери Европа Иттифоқи, 2017 йилдан эса АҚШ санкциялари остида қолмоқда. Чеченистон раҳбарининг қизлари Айшат ва Карина 2022 йилда ЕИ санкцияларига тушган. Ўша йилнинг ўзида АҚШ Қодировнинг уч нафар хотини — Медни Қодирова, Фотима Хазуева, Аминат Аҳмадовага нисбатан санкциялар жорий этган. Бундан ташқари, Қодировнинг онаси ҳам ЕИ ва АҚШ санкциялари остида.

Мавзуга оид