Жамият | 19:38 / 12.10.2016
12616
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олий таълим тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мамлакатимиз олий таълим тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.        

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқув биноси шу йил август ойида капитал таъмирдан чиқарилди. Бу ерда талабалар ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима назарияси ва амалиёти йўналишлари бўйича сабоқ олмоқда. Университетда 15 кафедра ташкил қилинди, жами 37 янги фан, магистратура мутахассисликлари бўйича 8 янги фан жорий этилди. Талабаларнинг мутахассис сифатида кенг  қамровли билим, кўникма ва малакага эга бўлишини таъминлаш мақсадида қўшимча 25 танлов фани киритилди. 72 фан бўйича ўқув-услубий мажмуалар яратилди. Университетда педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази ўз фаолиятини бошлади. 

Тошкент давлат техника университети  мамлакатимизнинг муҳандислик-техника йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги базавий олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бу ерда 60 бакалавриат таълим йўналиши ва 78 магистратура мутахассисликлари бўйича малакавий талаблар, ўқув режалар, дастурлар, такомиллаштирилган ўқув-услубий мажмуалар ишлаб чиқилди. 

Янги «Муҳандислик тизимлари» факультети таркибига 8 кафедра киритилди. Улардан учтаси – «Интеллектуал муҳандислик тизимлари», «Мехатроника ва робот техникаси» ва «Автоматлаштирилган лойиҳалаш тизимлари» кафедралари янги ташкил этилди. «Муҳандислик-физика» факультети таркибида «Яримўтказгичлар ва янги материаллар технологияси», «Электрон ускуналарни ишлаб чиқариш технологияси», «Лазер технологияси ва оптоэлектроника», «Тиббий-биологик тизимлар ва жиҳозлар» каби янги кафедралар шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан 2017-2020 йилларда фундаментал, 2017-2018 йилларда амалий бажарилиши мўлжалланган, ёш олимлар фундаментал ва амалий, инновацион ҳамда «Академик ҳаракатчанлик – 2017» амалий тадқиқотлар давлат илмий-техник дастурлари учун танловига университет ходимлари томонидан жами 174  лойиҳа топширилди. 

Матбуот анжуманида олий ўқув даргоҳларида бугунги шиддатли замон талабига мос, истиқболли, келажакка йўналтирилган мутахассислар тайёрлаш тизимига оид амалий чора-тадбирлар юзасидан саволларга жавоб берилди.

 

Мавзуга оид