Ҳозирги вақтда собиқ иттифоқ республикаларида таълим тизими, айримларини айтмаганда, СССР даврида қандай бўлса, шундай сақланиб қолган: хусусий мактабларга эътибор йўқ, давлат тасарруфидаги мактабларда таълим сифатидан кўра ўқитувчилардан турли ҳисоботлар талаб қилиш, мактабларда ўқувчиларнинг билим олишидан кўра қандай кийинишини назорат қилиш муҳим. Шунингдек, постсовет республикаларининг аксариятида 11 йиллик таълим тизими босқичларга бўлинмаган ҳолда давом этиши ҳам СССРдан мерос. 

Бугун Эстония мактабларида советча таълим тизимидан ҳеч нарса сақланиб қолмаган, ҳаммаси ўзгариб, замонавий таълим тизими жорий этилган. Шу сабабли мамлакат таълим тизими бир неча йилдан буён турли халқаро рейтингларда бошқа постсовет республикаларидан фарқли ўлароқ, анча юқори ўринга эга бўлиб келяпти. 

Ана шундай нуфузли халқаро таълим рейтингларидан бири PISA (Programme for International Student Assessment) халқаро рейтинг дастури ҳисобланади. PISA халқаро рейтинги 2000 йилдан буён тест синовлари ёрдамида дунёнинг юзга яқин давлатларидаги ўқувчиларнинг билимларини баҳолаб боради. Бундан 10-15 йил олдин PISA рейтингида Финляндия таълим тизими юқори ўринларда юрар, дунё таълимида янги «Фин модели» овоза бўлган эди. Орадан бир неча йил ўтиб, ушбу рейтингда айнан «Фин модели»ни яхши ўзлаштирган Эстония таълим тизими юқори ўринларга чиқди. Бугун кўпчилик давлатлар таълим соҳасида Эстония тажрибасини ўрганмоқда. Қуйида Эстония бу ишни қандай уддалагани ҳақида фикр юритилади.

PISA халқаро рейтингида сўнгги тест натижаларига кўра, эстон ўқувчилари ифодали ўқиш бўйича дунёда бешинчи, математикадан саккизинчи ва кимё бўйича тўртинчи ўринни эгаллади. Улар ушбу натижа билан барча қўшниларини ва Европа Иттифоқи мамлакатларини ортда қолдирди. Рўйхатни атиги тўртта вилояти билан қатнашган Хитой бошқармоқда. Иккинчи ўринни Сингапур ўқувчилари банд этган.

АҚШ ва Буюк Британия кучли йигирматаликда, бир вақтлар пешқадам бўлган Финляндия кучли ўнликдан жой олган. Постсовет республикалари эса анча пастда жойлашган: Латвия 30-ўрин, Россия 31-ўрин, Литва 34-ўрин, Беларусь 36-ўрин, Украина 39-ўринда. 

Совет таълим тизимидан воз кечиш 
Эстония совет таълим тизимидан воз кечишни мустақил бўлган йилларданоқ бошлаган. Масалан, мактабни битиришда ягона давлат имтиҳонларини жорий қилиб, сўнг унинг натижасига қараб битирувчиларни ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилиш тизими Эстонияда ўтган асрнинг 90-йилларидан буён амалда.

Бугун, СССР тарқаб кетганига қарийб 30 йил бўлганда Эстония таълим тизимида совет таълим тизими унсурлари мутлақо қолмаган. Эстонияда мактаб таълими уч босқичга бўлинади: 1-3 синфлар I босқич, 4-6 синфлар II босқич, 7-9 синфлар III босқич. Ҳар уч босқичда ҳам ўқувчилар ягона давлат таълим тизими асосида ўқитилади. Ўзлаштириши яхши бўлмаган ўқувчиларга ёзги таътилда икки ҳафталик қўшимча дарслар ўтилади. Агар ўқувчи шунда ҳам етарли даражада ўзлаштира олмаса, синфда қолдирилади.