Жаҳон | 17:41 / 14.10.2016
7341
2 дақиқада ўқилади

Таиландда 96 ёшли собиқ бош вазир вақтинча регент бўлди

Фото: EPA

Таиланд қироли қошидаги махфий кенгаш раҳбари Прем Тинсуланон қирол Пумпион Адульядетнинг вафотидан кейин валиаҳд шаҳзода 64 ёшли Маха Вачиралонгкорн тахтга чиққунига қадар вақтинчалик регент вазифасини бажариб туради. Бу ҳақда Bangkok Post хабар берган.

"Конституцияга кўра генерал Прем Тинсуланон регент этиб тайинланди. Валиаҳд шаҳзода тахтга чиқишни кечиктирадиган ҳолатларда Махфий кенгаш раиси ўз-ўзидан регентга айланади", дейилган нашрда.

96 ёшли Прем Тинсуланон 1998 йилдан буён Таиланд қироли қошидаги махфий кенгашга раҳбарлик қилиб келади. У Таиланд ички сиёсатидаги муҳим шахслардан биридир. 1980 йилдан 1988 йилгача генерал Тинсуланон мамлакат бош вазири бўлган.

Бундан олдинроқ, мамлакатнинг ҳозирги бош вазири Прают Чан-Оча  шаҳзода тахтга чиқиш маросимини ўтказишга шошилмай, «миллат билан биргаликда қайғуга чўмиш» имконини беришни сўрагани ҳақида айтганди.

Эслатиб ўтамиз, қирол Пхумипон Адульядет 88 ёшида оламдан ўтди. Шу муносабат билан мамлакатда бир йиллик мотам эълон қилинди.

Марҳум 1972 йилда ўзининг валиаҳди этиб шаҳзода Маха Вачиралонгкорнни тайинлаган эди. Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, қиролнинг ўлимидан сўнг парламентнинг фавқулодда йиғилиши ўтказилиб, унинг якунларига кўра валиаҳд тахтга чорланиши лозим эди. Аммо парламент мажлисидан сўнг Маха Вачиралонгкорн тахтга чорланмади.

Эндиликда ворис номи парламентнинг махсус йиғилишида ошкор этиладиган бўлди. Бу ворис Маха Вачиралонгкорн бўлиши кутилмоқда.

Ворислик навбатида иккинчи ўрин малика Маха Чакри Сиридонга тегишли ҳисобланади.

Мавзуга оид