19 май куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланган қарордан сўнг Таиланд чет эллик сайёҳлар учун визасиз режим қоидаларини кучайтирмоқда. Reutersʼнинг Таиланд ташқи ишлар вазирлиги расмийсига таяниб ёзишича, бу қисқароқ қолиш муддатлари ва визасиз кириш ҳуқуқига эга мамлакатлар сони камайишини ўз ичига олади.

Хусусан, янги қарорга кўра, 93 та давлат учун амал қилиб келинган 60 кунлик визасиз режим бекор этилади. 30 кунлик визасиз режим ўз кучида қолади. 30 кунлик визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатлар ёки ҳудудлар сони ҳам 57 тадан 54 тага қисқартирилади. ТИВ расмийси рўйхатдан чиқариб ташланадиган учта давлат номига аниқлик киритмади.

BBC нашрининг ёзишича, эндиликда сайёҳларнинг қанча муддат қолиши мумкинлиги ҳар бир давлат билан алоҳида келишувга қараб белгиланади. Кўпчилик учун бу муддат 30 кундан ошмайди. Ундан кўпроқ қолмоқчи бўлганлар виза олишга мажбур бўлади.

Ушбу чоралар мамлакатнинг расмий – Тай қироллик газетасида эълон қилинганидан кейин 15 кун ичида кучга киради.

Расмийларга кўра, ўзгаришлар қатор омиллар: ўзаро тенглик принципи, хавфсизлик масалалари ва қоидаларнинг бир-бирини такрорлаши каби муаммоларни ҳал қилиш мақсадида амалга оширилган.

«Чунки бир нечта визасиз режим схемалари сайёҳлар ўртасида чалкашликларни келтириб чиқараётганди», дея консуллик расмийси сўзларини келтирмоқда Reuters нашри. У айнан қандай чалкашликлар эканига батафсил тўхталмади.

Миллионлаб сайёҳлар ва хавфсизлик

Осиёнинг энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири бўлган Таиланд 2019 йилда ўзининг энг юқори чўққисига чиққан – қиролликка 40 миллион сайёҳ келганди. Туризм – мамлакатда иш ўринларининг асосий манбаи ва иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади.

Шу боис Таиланд пандемиядан кейин иқтисодиётни рағбатлантириш ва туризмни ривожлантириш мақсадида визасиз келиши мумкин бўлган мамлакатлар сонини кенгайтириб, қолиш муддатини ҳам узайтирди. Хусусан, 2024 йилда 93 та давлат учун 60 кунлик визасиз режим жорий қилинганди.