Ўзбекистон | 14:37 / 18.10.2016
8737
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда жаҳон шахмат юлдузлари иштирокида халқаро турнир бўлиб ўтмоқда

Тошкентда 16-22 октябрь кунлари  буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган жаҳон шахмат юлдузлари иштирокида халқаро турнир бўлиб ўтмоқда.

Мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ доллари бўлган мазкур турнир тезкор шахмат йўналишида ўтказилиб, унда жаҳон шахмат юлдузлари – XVII жаҳон чемпиони (2004 йил) ўзбекистонлик Рустам Қосимжонов, XVI жаҳон чемпиони (2002 йил) украиналик Руслан Понамарьов, Жаҳон  кубоги ғолиби (2013 йил) исроиллик  Борис Гельфанд, рапид йўналиши бўйича 2013 йилги жаҳон чемпиони озарбойжонлик Шаҳриёр Мамедёровлар иштирок этмоқда.

Мусобақа 4 даврада ўтказилиб, йиғилган очколар сони бўйича ғолиб аниқланади. 

Шу муносабат билан куни кеча шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда таъкидланганидек, Халқаро шахмат федерациясига (ФИДЕ) аъзо давлатларнинг сони эса 170 тани ташкил этади. Шубҳасиз, Ўзбекистон ҳам ана шундай  мамлакатлар сирасига киради.

Ўзбекистон шахмат федерацияси Ижроия қўмитаси аъзоси Олимжон Ўсаровнинг маълум қилишича, мустақиллик шарофати билан мамлакатда спортнинг мазкур турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. 1996 йилнинг март ойида Ўзбекистон шахмат федерацияси ташкил этилди ва  мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, олий ўқув юртлари, ёзги дам олиш масканларида ҳам шахмат тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда маҳоратини оширган ўғил-қизлар "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинларида ҳамда ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги республика чемпионатларида тобландилар. Ўзига хос бўлган бундай ноёб тизим халқаро мусобақаларда  ўзбекистонлик шахматчилар эришаётган ютуқлар учун пойдевор вазифасини ўтади.  Натижада қисқа вақт ичида ўнлаб ўзбек шахмат усталари жаҳон чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлишди. Рустам Қосимжонов, Нодир Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Шамсидин Воҳидов ақл-заковат баҳсида дунёда тенгсиз эканлигини намойиш этишди.

 

Мавзуга оид