Amnesty International: АҚШ Суриянинг тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлганини текшириши лозим
Америка Қўшма Штатлари ўзи етакчилик қилаётган коалиция берган ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани ҳақидаги маълумотларни текшириши лозим. Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эълон қилган ҳисоботда шу ҳақда сўз боради.
Ташкилот сайтида ёзилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари турли манбалардан олинган ахборотларни таҳлил қилиб, хулоса қилишича, АҚШ ҚКларининг Суриядаги қўмондонлиги тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўра олмаган.
Amnesty International ташкилотининг Байрутдаги идораси вакили Линн Маалуфнинг тахминича, Қўшма Штатлар ўзлари етказган талофат кўламини жиддий баҳоламаяпти.
Унинг айтишича, АҚШ ҳукумати тинч сурияликларга етказилган зарарни ошкора муҳокама қиладиган вақт келган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ўтказган тадқиқотларга кўра, коалиция Суриядаги амалиётларини бошлаганидан бери 600-1000 киши атрофидаги фуқаро коалиция зарбалари оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмган.
Россия Бош штаби Ироқнинг Мўсул шаҳри ва қўшни аҳоли пунктларида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани хусусида маълум қилди. Россия штабига кўра, АҚШ етакчилигидаги коалиция берган ҳаво зарбалари оқибатида уч кун ичида 60дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳаётдан кўз юмган, 200дан ортиқ одам яраланган.
Бунга жавобан, Қўшма Штатлар Мўсул жанубига берилган ҳаво зарбалари оқибатини тергов қилишга тайёрлигини билдирган эди.