Ўзбекистон | 12:47 / 26.10.2016
5264
2 дақиқада ўқилади

Хельсинкида Ўзбекистон ва Финляндия сиёсий маслаҳатлашувларининг 7-раунди бўлиб ўтди

25 октябрь куни Хельсинкида Ўзбекистон ва Финляндия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 7-раунди бўлиб ўтди. Финляндия делегациясига вазирликнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё ишлари бўйича департаменти бош директори Маимо Хенрикссон бошчилик қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди

Маслаҳатлашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамда Ўзбекистон—Европа Иттифоқи шаклидаги, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари батафсил муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар ўзаро алоқаларни нафақат давлатлараро даражада, шунингдек, бизнес, фан, таълим ва маданият муассасалари ўртасида ҳам фаоллаштиришга қизиқиш мавжуд эканлигини таъкидлади. Ўзаро савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган Президент фармони Финляндия томонида катта қизиқиш уйғотди.

Маслаҳатлашувлар давомида Ўзбекистон—Финляндия кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди. Музокараларда Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Никлас Линдквист иштирок этди.

Мавзуга оид