Жаҳон | 08:15 / 31.10.2016
10547
2 дақиқада ўқилади

Балиқ сотувчининг ўлими Марокашда кўп минглик намойишларга сабаб бўлди

Фото: EPA

Марокашнинг бир қатор йирик шаҳарларида балиқ сотувчи Муҳсин Фикрийнинг фожиали ўлими сабабли кўп минглик норозилик намойишлари ўтмоқда. Қиролликни жунбушга келтирган фожиа 28 октябрда мамлакат шимолида юз берган. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Маълумотларга кўра, маҳаллий ҳокимият вакиллари Фикрий қоидаларни бузган ҳолда савдо қилмоқда, деб ҳисоблаб, унинг балиқ солинган контейнерларини чиқинди йиғувчи машина ёрдамида олиб ташлашмоқчи бўлган. Ўз маҳсулотини сақлаб қолишга отилган савдогар чиқинди йиғувчи машинанинг ковши остига тушиб қолган ва ўлимга олиб келувчи жароҳатлар олган. 

Маҳаллий аҳоли Фикрийнинг ўлимини дарғазаблик билан қабул қилди. Йўловчилардан бири томонидан суратга олинган ва интернетда жойлаштирилган Фикрийнинг ковшда ўлик ҳолда ётган сурати жамиятда катта норозилик келтириб чиқарди.

Фикрий дафн қилингандан кейин мамлакатнинг йирик шаҳарларида, жумладан, Работ, Марокаш, Тетуаг, Ал-Ҳусаймда кўп минглик норозилик акциялари бўлиб ўтди. Намойишчилар балиқ сотувчининг ўлимига шафқатсизлик ва лоқайдлик қилган маҳаллий ҳокимият жавобгар деб ҳисобламоқдалар.

Мавзуга оид