Спорт | 08:39
1408
2 дақиқада ўқилади

Марокашда дунёдаги энг йирик футбол стадиони қурилмоқда

Сунъий йўлдош тасвирларида Марокашнинг Касабланка шаҳри яқинида барпо этилаётган 115 минг ўринли Grand Stade Hassan II стадиони қурилиши акс этди. Янги арена 2030 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик дастурининг асосий лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Фото: AP

Марокаш дунёдаги энг катта футбол стадиони бўлиши кутилаётган Grand Stade Hassan II аренасини қурмоқда. Лойиҳа мамлакатнинг 2030 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш, турнир финалини қабул қилиш ҳуқуқи учун курашиш ва Африканинг етакчи сайёҳлик ҳамда иқтисодий марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Янги стадион Касабланка яқинида қурилмоқда. У аэропортлар, меҳмонхоналар, транспорт тармоқлари ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизация қилишни назарда тутувчи йирик дастурнинг марказий объектларидан бири бўлади.

Лойиҳага кўра, стадион 115 минг нафар томошабинни сиғдира олади. Қурилиш якунлангач, у сиғими бўйича дунёдаги энг йирик футбол стадионига айланиши кутилмоқда.

Grand Stade Hassan II Марокашнинг 2030 йилги жаҳон чемпионати финал учрашувини ўтказиш ҳуқуқи учун курашидаги асосий устунликларидан бири сифатида кўрилмоқда. Финал қаерда ўтказилиши бўйича ФИФА ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган. Бироқ стадион лойиҳаси дастлабдан Марокашни турнирнинг энг муҳим учрашувини қабул қилишга асосий даъвогарлардан бирига айлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Арена концепцияси халқаро Populous архитектура компанияси ҳамда Oualalou + Choi студияси иштирокида тайёрланган. Лойиҳа анъанавий марокашликлар маданияти ва маҳаллий меъморчилик унсурларидан илҳомланган бўлиб, стадион ташқи кўриниши катта чодирни эслатиши режалаштирилган.

Марокаш расмийлари ушбу иншоот орқали мамлакатнинг йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва шаҳарларни модернизация этиш имкониятларини намойиш қилишни мақсад қилган.

Шу боис Grand Stade Hassan II фақат спорт иншооти эмас, балки Марокашнинг халқаро нуфузини ошириш, туризмни ривожлантириш ва Африкадаги иқтисодий мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик лойиҳа сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид