Жамият | 19:19 / 01.11.2016
6857
2 дақиқада ўқилади

18 нафар фуқаронинг гўёки зарарларини қоплаб бериш учун миллионлаб пул ўтказмаларини амалга оширган суғуртачилар гуруҳи қўлга олинди

“Ўзагросуғурта” АЖнинг Ёзёвон туман бўлинмаси бошлиғи Д.Турсунбоев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) бўлинма ҳисобчиси А.Раҳмонов ҳамда жамиятнинг Фарғона вилоят филиали бошлиғининг ўринбосари Б.Ҳамедов фермер хўжаликлари томонидан пахта етиштириш кредитларининг суғурта бадали учун ўтказиб берилган пул маблағларини ўзлаштириш хусусида жиноий тил бириктиришади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.


Улар 11 та фермер хўжалигига тегишли тартибда суғурта полисларини топширишади, қолган 101 та фермер хўжалигига эса полислар топширилмайди. Уларга ажратилган 44 млн. сўм миқдоридаги суғурта пулларини эса жиноий гуруҳ аъзоларига таниш бўлган хусусий корхона ва фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларига, судланувчиларнинг қариндошлари пластик карталарига ўтказиб, талон-тарож қиладилар.

Шунингдек, улар аслида суғурта шартномалари бўлмаган 18 нафар фуқаронинг гўёки зарарларини қоплаб бериш учун уларнинг пластик карточкаларига 61 млн 555 минг сўм маблағларни тушириб, ўзаро баҳам кўришади.

“Ўзагросуғурта” АЖ вилоят филиали бошлиғининг ўринбосари Б.Ҳамидов суғурта бадаллари талон-тарож қилинганини яшириш, 2015 йил 3-чораги ҳисоботларининг нотўғрилигини билгани ҳолда қабул қилиб, тасдиқлаш эвазига Д.Турсунбоевдан жами 29 млн 500 минг сўм  пулларни пора сифатида олади.

Тергов-суриштирув жараёнида Д.Турсунбоев, А.Раҳмонов ва Б.Ҳамидовнинг жиноий қилмишлари ҳужжатли далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланиб, уларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо тайинланди.
 

Мавзуга оид