Жаҳон | 00:26 / 04.11.2016
7823
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ: Мўсулдаги операция оқибатида 10 минг бола қочқинга айланди

Фото: Getty Images

Ироқнинг Мўсул шаҳрини ИШИД жангариларидан озод қилиш ҳарбий операцияси бошлангандан кейин 10 мингга яқин бола ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда ЮНИСЕФ.

"20 700 га яқин одам 17 октябрда Мўсулни озод қилиш операцияси бошлангандан бери ўз уйини мажбурий тарк этганларга айландилар. ЮНИСЕФ тахминича, улардан 9700 нафари шошилинч ёрдамга муҳтож болалардир", дейилди ташкилот хабарида.

ЮНИСЕФ Ироқ ҳукуматига Мўсул ва унинг атрофидаги ҳудудлардан бўлган қочқинлар оилаларини қабул қилишда уларга ичимлик суви ва егулик, шу жумладан болалар озиқаси тақдим қилиш билан ёрдам бермоқда. "6 ойликдан 15 ёшгача бўлган болаларга зудлик билан полиомиелит ва қизамиқдан эмлаш қилинади. Қочқинлар оилалари ярим кун диспансеризациядан ўтиб, кейин уларга вақтинчалик бошпана бериладиган лагерга ўтказиладилар", деб маълум қилинди БМТ болалар жамғармасида.

Баъзи ироқлик оилалар қочқинлар лагерида жойлашишни истамай, террорчилардан озод қилинган қишлоқларига қайтишни афзал кўрадилар. Октябрда ЮНИСЕФ бундай аҳоли пунктларига 1500 дан кўпроқ оилага ичимлик суви ва гигиена буюмлари етказиб берди ва эмлаш бўйича кампания ўтказди. "Бу ҳудудларда болалар ва оилалар учун шароит жуда ёмон. Одамлар тоза сув ва ҳаёт учун зарур бошқа нарсаларга қаттиқ эҳтиёж сезадилар", деб айтилди ЮНИСЕФда.

 

Мавзуга оид