Жамият | 13:19 / 08.11.2016
5241
3 дақиқада ўқилади

Dentsu компанияси раҳбарияти ўз ходимасининг ўлимида айбланмоқда

Фото: Reuters

Япониянинг соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги дунёдаги энг йирик реклама компанияси бўлган Dentsu раҳбариятини меҳнат қонунчилигини мунтазам равишда бузиб келганликда айбламоқда. 

Хусусан, компания раҳбарияти ишчиларни режадан зиёд  ишлаш ҳақидаги маълумотларни камайтириб ёзишга мажбур қилган ва бу ҳаттоки ёш ходиманинг ўз жонига қасд қилишига олиб келган. Бу ҳақида "Nikkei" газетаси маълум қилди. 

88 нафар идора вакиллари душанба куни Токиодаги бош идорадан ходимларнинг ишга келиш ва кетиш вақти қайд қилинган маълумотларни топишди. Натижада 30дан зиёд киши ўз ҳисоботларида бир ойлик иш вақтини 100 соатдан ортиққа камайтиришгани маълум бўлди.

Япония қонунларига кўра, иш ҳафтаси 40 соатлик ҳисобланади. Dentsu ходимлари эса меҳнат шартномасига кўра, қўшимча иш вақти учун устама ҳақ олишлари керак, бироқ бир ойда 70 соатдан ортиқ вақт учун қўшимча пул тўланмайди. Айнан шу сабаб раҳбарият ўз ходимларидан иш вақтига доир маълумотларни камайтиришни талаб қилган. 

Ўтган йилнинг декабрида компанияда фаолият юритувчи 24 ёшли Мацури Такахаси ўз жонига қасд қилганидан сўнг компанияга назорат органларининг эътибори қаратилди. Кейинчалик маълум бўлишича, қиз ҳаддан ташқари ишга "кўмилиб кетгани" учун ўз жонига қасд қилган. У бир ойда режадан ташқари 105 соат ишлаган, иш берувчи эса  топширилаётган ҳужжатларида маълумотларни камайтириб ёзишни талаб қилиб, унга босим ўтказган. 

Японларнинг режадан ташқари ишлашлари ва ишхоналарида катта стрессга йўлиқишлари кўпчиликка аён. Мамлакатда бунинг учун ҳаттоки махсус атама ҳам бор - "кароси" - бу сўз "ҳаддан зиёд меҳнат қилиш туфайли ўлиш" маъносини англатади. Умуман олганда, аксарият япон ишчиларининг ўзи бунга қаршилик қилмайди, чунки улар карьера қуриш ва кўпроқ пул ишлаш пайида бўлишади. 

Мавзуга оид