Жамият | 13:17 / 08.11.2016
9659
2 дақиқада ўқилади

Сармоялар учун фуқаролик тақдим этувчи мамлакатлар рейтинги эълон қилинди

Фото: masterlex.it

2016 йилда Мальта ва Португалия давлатлари сармоялар воситасида доимий яшаш учун рухсатнома ва фуқаролик олиш дастурлари бўйича рейтингларда биринчи ўринга муносиб кўрилди. Henley & Partners компанияси мазкур рўйхатни тузиб чиққан. 

2016 йилнинг «Сармоя киритиш йўли билан яшашга рухсат олиш» рейтингида Португалия ўзининг инвестиция дастури билан бу йил ҳам биринчи ўринни сақлаб қолди. Бу мамлакатга 250 минг евро миқдорида сармоя киритган шахсга доимий яшашга изн берилади. Бельгия ва Австрия иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллаган, улар ўтган йилга нисбатан ўрин алмашишган холос. Буюк Британия бу борада сезиларли ўсишга эришган ва ўтган йилги 9-ўриндан 5-ўринга кўтарилган.  
Греция ва Болгария сўнгги ўринларни эгаллаб турибди. Умуман рейтингда 19та инвестиция дастури таҳлил қилинган. 

2016 йилнинг «Сармоялар воситасида фуқаролик» рейтингини Мальта бошқармоқда. Мамлакат ҳукумати 1 млн евро эвазига ЕИ паспортини тақдим этади. Умуман, рейтингдаги ўринлар сезиларли ўзгармаган. Фақатгина Антигуа ва Барбуда Австрияни ортда қолдириб, учинчи ўринга кўтарилиб олди. Бу рўйхатда шунингдек, янги аъзо ҳам пайдо бўлди. Кариб денгизи мамлакати Сент-Люсия еттинчи ўринни эгаллаган. Ўтган йилдаги каби рейтингнинг ўнинчи ўрнига Доминика муносиб кўрилган.

Henley & Partners рейтингларини тузишда Thomson Reuters, Knight Frank, The Economist Intelligence Unit, Baker & McKenzie, Fragomen LLP каби фирмаларнинг таҳлилчилари қатнашган. Бундан ташқари сармоядорлар ва турли давлат арбобларининг фикри ўрганилган. 
 

Мавзуга оид