Ўзбекистон | 21:29 / 10.11.2016
16181
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди

Фото: uzlidep.uz

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.

 Учрашувни ЎзЛиДеПнинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси С.Турманов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Дастурда кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт даражасини янада оширишга доир стратегик мақсадлар ўз ифодасини топган. Давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш,  фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, маҳаллийлаштириш дастурларини изчил давом эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти Қорақалпоғистон Республикаси ривожида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси бутунлай ўзгариб бораётир. Янги завод ва корхоналар, инфратузилма объектлари, замонавий уй-жойлар барпо этилмоқда.

Маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари доирасида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қўнғирот сода заводи, дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири – Устюрт газ-кимё мажмуаси мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутмоқда. Сурғил кони негизида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов тасдиқлаган мамлакатимиз саноатини кенг кўламли модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилди. Бу нефть-кимё соҳасида нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ ҳудудида узоқ муддатли молиялаштириш асосида ҳаётга татбиқ этилган дастлабки кенг кўламли лойиҳадир. Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда Нукус шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманлари марказидан сайловчилар иштирок этди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Уснатдинов, меҳнат фахрийси Қ.Камолов, Мўйноқ тумани «Таллиузак» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Ўтамбетова, Элликқалъа тумани фермерлар кенгаши раиси Э.Бобожонов, Амударё тумани «Баркамол авлод» маркази раҳбари Х.Ражабова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Г.Султонмуродова, Қўнғирот туманидаги «Қалдирғоч Мавлуда» сайёҳлик фирмаси раҳбари М.Ембергенова ва бошқалар тинчлик ва барқарорлик самарасида мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланиб, халқимизнинг дунёқараши ва турмуш тарзи изчил юксалиб бораётганини қайд этди. Президент сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик талабларга тўла мос равишда ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Мавзуга оид