Жаҳон | 21:24 / 13.11.2016
7848
2 дақиқада ўқилади

Сеул мэрияси президентга қарши намойишга 1,26 млн киши чиққанини маълум қилди

Фото: Reuters

Сеул мэрияси мамлакат президенти Пак Кин Хега қарши намойишга 1,26 млн киши чиққанини маълум қилди, деб хабар бермоқда "Рёнхап" ахборот агентлиги. 

Полиция норозилик намойишларида 260 минг киши, унинг ташкилотчилари эса 1 млн киши иштирок этганини маълум қилган. Мэрия маълумотлари эса марказий тумандаги метродан фойдаланган намойишчилар ҳисоб-китобига асосланган. 

Намойиш давомида полиция билан кичик тўқнашувлар юз берган, 56 нафар намойишчи ва 4 нафар полициячи жароҳат олган. Намойиш тонгги соат 5.00 га яқин тарқатилган, 23 киши ҳибсга олинган. 

Намойишларга президентнинг дугонаси  Цой Сун Силь аралашиб қолган можаро сабаб бўлган. Ҳозирда Цой ҳибсга олинган, унга айблов 19 ноябрда эълон қилинади. Пркурорлар президентнинг ўзини 15 ёки 16 ноябрда эшитишмоқчи.

Тергов идораларининг фикрича, Цой Сун Силь ўзининг президентга таъсиридан фойдаланиб, йирик компаниялардан пул ундирган ва улардан шахсий мақсадларида фойдаланган. Гап 52 та компания ва корпорациялардан Цой томонидан яратилган нотижорат жамғармалари фойдасига йиғиб олинган 77,4 млрд вон (70 млн доллар) ҳақида кетмоқда. 7 та йирик корпорация раҳбарига президентнинг шахсан ўзи босим ўтказгани ҳақида маълумотлар ҳам бор.

Бундан ташқари, Жанубий Корея ОАВ президент 2018 йилги Пхёнчхан қишки Олимпиадаси ташкилий қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган Hanjin Group раҳбаридан қурилишга буюртмани Цой яқин алоқада бўлган швейцар фирмасига беришни сўраганликда гумонланаётганини маълум қилди. Hanjin Group раҳбари бу илтимосни бажармаганда, президент унинг истеъфога кетишини талаб қилган.

Жанубий Корея президенти атрофида юзага келган сиёсий можаро ОАВ президент дугонасига ўз нутқларини таҳрир қилишга бергани ҳақида маълум қилгандан кейин авж олиб кетган.

 

Мавзуга оид