Ўзбекистон | 19:58 / 28.11.2016
6828
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик божхоначилар умумий қиймати 10 млн. сўмдан ортиқ парфюмерия товарларини ушлаб қолишди

Ўзбекистон Республикаси божхоначилари томонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган парфюмерия ва косметика маҳсулотларининг олиб ўтилишига қарши чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. 

Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Москва-Тошкент” йўналишидаги поезднинг йўловчиси фуқаро Ш.Мухамедов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) умумий қиймати 8 млн. сўмдан ортиқ 240 дона турли хил косметика товарларини вагоннинг ҳуфиёна жойига яшириб, олиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Шунга ўхшаш ҳолатда “Алмата-Нукус” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Т.Саидовнинг қўл юклари орасида умумий қиймати 10 млн. сўмдан ортиқ жами 246 дона турли хил парфюмерия ва косметика товарларини йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилишни “унутиб” қўйибди. 

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари хориждан Фарғона вилоятида фаолият юритувчи хусусий тадбиркорлар номига келтирилган темир йўл контейнеридаги товарлар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, мазкур контейнерда тегишли йўл ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган 6 турдаги салкам 32 минг дона парфюмерия ва косметика товарлари ҳамда ошхона анжомлари борлиги аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра ушбу товар моддий бойликларнинг умумий нархи 160 млн. сўмни ташкил қилар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


 

Мавзуга оид