12:06 / 29.11.2016
8740

Ўзбекистонлик имомлар гуруҳи Россия Федерациясига сафар қилишди

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси марказий муфтиёти раҳбари, муфтий Абдул-Қуддус Ашарин таклифига биноан ўзбекистонлик имомлардан иборат делегация Россиянинг Екатеринбург шаҳрига жўнаб кетишди. Бу ҳақда Шайх Зайниддин жоме масжиди матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур делегация таркибида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби, “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон Исмоилов ҳам бор. Шунингдек, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, диний идоранинг Самарқанд вилоятидаги вакили ўринбосари, “Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва “Дўстжонбой ота” жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажоновлар ҳам сафарда бўлиб турибди. 

Имомлар мазкур ташриф доирасидаги белгиланган тадбир ва учрашувларда иштирок этмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби, “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон Исмоилов 25 ноябрь куни Первый Уралдаги Сабр жомеъ масжидида жума намозини адо этди. Намоз аввалида имом-хатиб мавъиза қилди.

Муборак Жума намозидан сўнг, мазкур масжидда намозхонлар билан суҳбат ташкил этилди. Хусусан, соф Ислом дини таълимоти, дин ниқоби остидаги бузғунчи кимсаларнинг фаолияти, юртимизда мусулмонлар учун яратилаётган шарт- шароитлар ва эътибор, интернет тармоғидан фойдаланишда мўмин- мусулмонларнинг одоби каби мавзуларда батафсил фикр алмашилди. Унда қатнашчиларни қизиқтирган саволларга Одилхон Исмоилов атрофлича жавоб қайтарди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг делегацияси Урал давлат иқтисодиёт университетига ташриф буюришди ҳамда талабалар ва ўқитувчилар иштирокидаги экстремизмга қарши кураш мавзусида мулоқот олиб боришди.

Университет ректори Яков Петрович профессор-ўқитувчилар ва талабалар номидан бутун дунёни хавотирга солаётган ИШИД террорчи ташкилоти ҳақидаги маъруза учун ташаккур билдирди. Шунингдек, у ушбу мулоқотнинг муҳимлигини эътироф этиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномовга миннатдорлик мактубини топширди. Ўз навбатида Иброҳим Иномов ректорга “ИШИД фитнаси” китобини совға қилди.

27 ноябрь кунига белгиланган тадбирлар доирасида имом-хатибларимиз Екатеренбург шаҳридаги проваслав черковини зиёрат килишди ва у ердаги шароитлар билан ташишишди. Шунингдек, Ганина Ямадаги черковларга, Европа ва Осиё чегарасидаги Иккинчи Жаҳон Урушида вафот этганлар учун барпо этилган ёдгорлик монументига ташрифлар уюштирилди. 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур қабристонга урушда қатнашиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган 15 нафар ватандошимиз ҳам дафн этилган. Қабристонда марҳумлар ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. 

“Мазкур тадбирлар динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик алоқаларининг ривожида катта аҳамиятга эгадир. Биз сафар мобайнида Россия федерациясида одамларнинг диний ибодатларни эмин-эркин адо этишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишаяпмиз, ўзаро мулоқотлар олиб бораяпмиз. Умид қиламизки, бу мулоқот ва фикрлашувлар икки халқ ўртасидаги алоқаларни яна мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейди “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон Исмоилов.

Шунингдек, ўзбекистонлик имом хатиблар иштирокида Свердловск вилоятида Нижний Тагил шаҳридаги Верняя Солда масжидида йиғин бўлиб ўтди.

Имоми Фавил хазрат бошчилигидаги ушбу учрашувда “ИШИД фитнаси” китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда имом-хатибларимиз ушбу китоб ва унда кўтарилган масалалар, терроризмнинг хавф-ҳатарлари, соф ислом таълимоти ва ислом динини ниқоб қилиб, ўз манфур ниятларини амалга ошираётган ақидапарастлар борасида маърузалар қилишди.

Одилхон қори Юнусхон ўғли чиқишида “ИШИД фитнаси” китоби айни кунда диний ихтилофлар чиқариб, фитна уруғини сепаётган гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслик учун муҳим дастуриламал эканлиги хусусида йиғилганларга атрофлича маълмуот бериб ўтди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегациясининг Россия Федерациясига сафари давом этмоқда.

Top