Жамият | 19:08 / 01.12.2016
16423
6 дақиқада ўқилади

Фарзандлар – қалбимиз меваси

Хоҳлаган бандасига қиз фарзанд берган ва ҳоҳлаган бандасига ўғил инъом этган ёки уларни ўғил ва қиз қилиб аралаштириб берган ва ҳоҳлаган бандасини бепушт қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! 

Бизнинг Саййидимиз «Болаларингизга одоб беринг ва одобини чиройли қилинг» деб насиҳат қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг оила аъзоларига ва эргашишлик ва ҳидоят топишлик юлдузлари бўлган асҳоби киромларга дуруду саловотлар бўлсин. 

Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. 

Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади. 

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида фарзандлар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнати эканини таъкидлаш билан бирга болалар сабабидан ота-оналарга юкланадиган бурч ва масъулиятларни ҳам эслатади:

«Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...». (Таҳрим сураси, 6-оят)

Ота фарзандларига ўзининг отасига яхшилик қилиш билан ўрнак бўлмоғи, уларни ўз жонидан ҳам азиз кўрмоғи лозим. Шундагина фарзанд отасининг тутган йўлидан юради, ундан таъсирланади, шу ҳолатда униб-ўсади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудотлари каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк Пайғамбар Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти ҳалоли Момо Ҳавводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайдилар, наслининг давом этиши ҳақида бош қотирадилар. Кейинчалик оила деган азиз бир қаср пайдо бўлдики, у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик, садоқат ва фаровонлик маконига айланди.

Оила – ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, нотинчлик бўлса, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, оқибатда таназзулга юз тутади.

Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Никоҳсиз асло оила бўла олмаслигини қайта-қайта таъкидлайди. 

Никоҳ – Аллоҳнинг амри билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган ақд бўлгани учун муқаддас саналган.

Никоҳ ақди боғлангач, икки ёш бирга янги ҳаётга қадам қўйиб бирга яшай бошлайдилар. Тангри таоло насиб қилиб фарзанд кўрсалар уни ақлли, фаҳму фаросатли, комил инсон бўлишини ҳар икки ёш хоҳлайдилар.

Фарзанд инсон қалбидаги энг олий мақсадларидан бири бўлиб, ота-оналар ўз ҳаётларини шулар орқали давом эттирадилар. Араб шоирларидан бири Аҳнаф ибн Қайс: «Фарзандлар қалбларимиз меваси, белларимиз таянчидир. Биз уларга юришлари учун замин ва соябон осмондирмиз»,- дейди.

Ҳақ таоло ўзининг муқаддас каломида:

«Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқдир ва орзулироқдир (орзу қилишга арзирлироқдир)», деб марҳамат қилади. (Каҳф сураси, 46-оят)

Ҳазрати Фотима онамиз туғилганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу райҳонни Аллоҳ ҳидлаб туришим учун ризқ қилиб берди», деганлар.

Дарҳақиқат, фарзанд ҳаёт қувончи ҳисобланади. Уни жажжилигида кўриб кўзлар қувонади, улғайгач унинг кўмагидан баҳраманд бўлинади, бизлар оламдан ўтгач, ортимиздан қолиб дуои ҳайрлар қилишади.

Албатта, бу орзу истакларимизни амалга ошириш учун эса фарзанд тарбияси муҳим ўрин тутади. Шариати Исломияда бунга алоҳида эътибор берилади.

Оламларнинг бошқарувчиси Аллоҳ таоло ўзининг каломида бу борада тегишли панду насиҳатлар қилиб оятлар нозил қилган бўлса, у зотнинг элчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб, уни ҳаётга ижро этиб бердилар.

Уларнинг чиройли тарбия кўришлари ортидан ота-оналарига раҳматлар келиб туради. Охират кунида ҳам ота-онаси фарзандининг жавобгарлигидан халос бўлади.

Фарзандга тарбия бериш энг аввало оиладан бошланади. Маънан юксак, гўзал хулққа эга ота-оналарнинг фарзандлари ҳам гўзал тарбияли бўлади. 

Азиз фарзандларимиз ўзларининг макоримул ахлоқ каби улуғ сифатлар билан зийнатлаган ҳолда илм олишда, касб-ҳунар малакаларини ҳосил қилишда, жамият ва Ватанга хизмат қилишда зўр куч ва ғайрат сарфлайдилар деб умид қиламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни «Жаннат райҳонлари», деб атаганлар. Уларнинг жаннат райҳонлари бўлиб етишишлари эса ўғил-қизларимизнинг чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб этиб тарбиялашга боғлиқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин, фарзандларимизнинг икки дунё саодатига мушарраф айлаб, солиҳ мўминлардан бўлишларини насиб айласин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоятидан адаштирмасин! Ватанимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, турли хил балою офатлардан Ўз паноҳида сақласин!

Абдураҳмон АСТАНОЕВ
Тошкент вилояти Занги ота тумани 
«Рамадон»  жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид