Жаҳон | 09:14 / 02.12.2016
5226
2 дақиқада ўқилади

БМТ: ноябрда 4 мингдан ортиқ ироқлик ҳалок бўлган ва яраланган

Фото: Reuters

Ироқдаги терактлар, зўравонлик ва қуролли ихтилоф оқибатида ноябрь ойи  давомида 4 мингдан ортиқ ироқлик ҳалок бўлган ва яраланган. Бу ҳақда 1 декабрда БМТнинг Ироққа қўмак кўрсатиш бўйича миссияси маълум қилди.  

"Умумий ҳисобда ноябрда терактлар, зўравонлик ва қуролли ихтилоф оқибатида 2885 ироқлик ўлдирилган ва 1380 нафари яраланган", деб айтилган матбуот учун берилган баёнотда. Миссия маълумотларига кўра, бу қурбонларнинг аксарият қисмини фуқаролар ташкил қилади: улардан 926 нафари ўлдирилган ва 930 нафари яраланган. Ноябрда жангларда иштирок этаётган полициячилар ҳамда "пешмерг" курд тузилмаси жангчиларини ўз ичига олувчи Ироқ хавфсизлик кучлари сафидан 1959 киши ўлдирилган ва 450 киши яраланган.  

Бунда айниқса Бағдод аҳолиси кўпроқ талофот кўрган: 152 нафар фуқаро ўлдирилган, 581 нафари яраланган. Анбар вилоятида 292 киши ўлдирилган ва 114 киши яраланган.

"Қурбонлар сони эсанкиратиб қўймоқда – улардан аксарияти фуқаролар ҳисобига тўғри келмоқда. ИШИД Мўсул ва Найнавода ўз позицияларини сақлаб қолишга уринишда фуқаролар уйларини ўт очишмоқда ҳамда тинч аҳолини ўғирлаб ёки мажбуран кўчириб, улардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда", деб айтди БМТ бош котибининг Ироқ бўйича махсус вакили Ян Кубиш.

Курд тузилмалари вакили Халгўрд Ҳикматнинг айтишича, 17 октябрда Мўсулни озод қилиш операцияси бошлангандан бери "пешмерг"нинг камида 1,6 минг жангариси ҳалок бўлган ва 10 минги яраланган. 

Бу орада Ироқ махсус мақсаддаги кучлари қўмондони, генерал Абдул Ғани ал-Асадийнинг айтишича, ИШИДнинг 1000 жангариси йўқ қилинган. 

 

Мавзуга оид