Жаҳон | 07:38 / 02.12.2016
6360
2 дақиқада ўқилади

WikiLeaks Германия ва АҚШ разведкалари ҳамкорлиги ҳақидаги ҳужжатларни чоп этди

WikiLeaks ташкилоти Германия ва АҚШ разведкаларининг яқиндан ҳамкорлик қилиши юзасидан парламент тергови билан боғлиқ 2,5 мингта хат ва ҳужжатни чоп этди. Бу билан боғлиқ 90 гигабайт маълумот ташкилот сайтида чоп этилди.

Бу ҳужжатлар орасида Германия Федерал разведка хизматининг 125 та , Германия конституциясини муҳофаза қилиш федерал бошқармасининг (Германия контрразведкаси) 33 та ва Информацион техника хавфсизлиги бўйича федерал бошқарманинг 72 та ҳужжати бор. Ҳужжатлар немис парламентчиларининг мамлакат разведкаси АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига (МХА) Германия фуқаролари ортидан айғоқчилик қилишга ёрдам берганини исботлашга уринишларига бағишланган.

МХА атрофидаги можаро 2013 йилда Spiegel нашри бу агентликнинг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг фош қилувчи ҳужжатларини чоп этгандан кейин бошланган. Ўшандан бери воқеа борган сари янги маълумотлар билан тўлиб борган: аниқланишича, АҚШ разведкаси кўп йиллар давомида Германия фуқаролари телефонларини тинглаб Европадаги минглаб нишонлар ортидан кузатган, у ҳаттоки бир неча маротаба Германия канцлери Ангела Меркель телефонини ҳам тинглаган.

Сўнгра можаро бошқача бурилиш олган: аниқланишича, америкаликларга Европадаги нишонларни кузатишда Германия Федерал разведка хизмати кўмак берган. Натижада Бундестагда бу кузатувларнинг барча тафсилотларини тергов қилиш учун парламент қўмитаси ташкил этилганди.

 

Мавзуга оид