Йилнинг асосий ўйини: «Барселона» ва «Реал» класико арафасида қай ҳолатда? (1-қисм)
Футбол учун қайси тактика энг яхшиси деб берилган саволга замонасининг буюк мураббийларидан бири Валерий Лобановский фақат битта тактика борлигини айтиб жавоб берган: ҳужум – ҳимоя. Фақат жамоанинг неча футболчиси ҳужумда ёки аксинча ҳаракат қилиши билан бу тактика фарқланади. Айнан мана шу фарқ жамоанинг қандай ўйин кўрсатишини ҳам аниқлаб беради.
«Барселона» ҳам «Реал» ҳам мунтазам равишда ҳужум ташкил қилишда максимал футболчилардан фойдаланишга ҳаракат қилади, лекин шу билан бирга зарурият туғилганда ҳимояда бутун бошли жамоа билан ҳам ўйнай олиши мумкин. Жамоа таркибидаги юлдуз номларга қарамай, «Мадрид»да ҳам «Барселона»да ҳам футбол фалсафаси жамоавий ўйинга асосланган. Айниқса сўнгги йилларда «Барселона» кўрсатаётган ўйини билан анъанавий тотал футболнинг меросхўри сифатида таассурот қолдирмоқда.
3 декабрь куни Перес назди билан айтганда бутун дунё мухлислари эътиборида бўладиган «Эл-класико»нинг бу мавсумдаги биринчиси бўлиб ўтади. Футбол тарихидаги энг принципиал ўйин сифатида баҳоланадиган тўқнашувдан олдин жамоаларда турлича ҳолат кузатилмоқда. Кимдир жароҳати туфайли ўйинни ўтказиб юборади, кимдадир бошқа муаммолар бор.
Tribuna.Uz бу борада сал бошқача йўлдан боришга қарор қилди: бўлажак ўйин олдидан таркиб ва шунга ўхшаш муаммолар ўрнига иккала жамоанинг мавсумда кўрсатаётган ўйинидан келиб чиқиб, камчиликларини топишга ҳаракат қилиб кўрди. Дунё футболида энг мукаммал ўйин кўрсатадиган икки жамоанинг ўйин борасида етарлича муаммолари бор, албатта. Айнан Лобановский жавобида айтган тактикалар бўйича бу камчиликларни ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Ҳужумдаги ўйин
Рақиб футболчилари жуда зич жойлашган вақтда «Барселона» ҳам «Реал» ҳам позицион ҳужумлардан кўра, тезкор вертикал ҳужумлар орқали муаммони ҳал қилишга уринади. Бу янгилик эмас. Бу ҳолатни биринчи навбатда иккала жамоа ҳужумчиларининг савия борасидаги устунлиги билан тушунтириш мумкин.
Аммо шунга қарамай, иккала жамоада ҳам сўнгги пайтларда ҳужум қилишдаги муаммолар кўзга ташланаётганини кўришимиз мумкин. Позицион ҳужум ташкил қилинаётган вақтда «Барселона»нинг энг асосий муаммоси унда иштирок этаётган футболчилар гуруҳининг жуда қисқа эканида кўзга ташланмоқда. Бир қарашда жамоа ҳужумида деярли барча футболчилар қатнашаётгандек кўринсада, аслида ҳужумнинг асосини уч форварднинг импровизацион ҳаракатлари ташкил қилмоқда. Аниқроқ айтганда, ҳужумдаги ҳаракатлар ҳужумкор учликнинг ўзаро ҳаракати билан чекланиб қолмоқда. Қолган футболчилар эса (Иньестадан ташқари) супертрионинг ўз маҳоратини намойиш қилиши учун шунчаки қулайроқ шароит яратиб бериш вазифасини ўтаётгандек. Ёки шунчаки эътиборсиз қолдирилмоқда.
Сурат юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Мантиқан ҳужум тезлик олган Люка Динь орқали давом этиши керак, аммо Неймар ўйинни ўз қўлига олишга ҳаракат қилиб, боши берк кўчага кириб қолмоқда.
Яна бир шунга ўхшаш ҳолат, фақат бу сафар диққат-марказимизда Месси ва Серхио Роберто. «Барселона» ўйинида жуда кўп учрайдигани каби бу сафар ҳам Месси қулай йўлдан кўра мураккабини танлайди. Потенциал ҳужум муваффақиятсиз якунланади.
«Барса»нинг жорий мавсумдаги ўйинларини кузатсак, марказий чизиқ асосан ҳужумчиларнинг ҳаракатлари ортида қолиб кетаётганини кўришимиз мумкин. Трио иштирок этмаган ҳужумни жамоада умуман кўрмайсиз. Яъни, яримҳимоячиларнинг ўзи вазият тақозо этганда ҳужум ташкил қилувчи ролида ҳам деярли кўринмайди. Воқеалар ривожи албатта ҳужум учлиги орқали давом этади. Агар Иньеста майдонга тушмаган бўлса, бу ҳолат янада яққолроқ кўзга ташланиб қолади. Чунки Андрес — бугунги жамоадаги ягона яримҳимоячи-плеймейкер дейиш мумкин. Бошқа футболчиларда бунақа функция йўқдек. Ҳозирги «Барселона» ўйини фалсафаси ҳужумчилар вазиятни яратишга ҳам уни якунлашга ҳам масъул деган тушунчадан иборат.
«Барселона»нинг аксар футболчилари тўп билан муомала қилишга ҳам киришмай қўйган. Шунчаки тўпсиз ҳаракатлар билан ҳужумга ва уни яратишга масъул бўлган триога ҳудудлар яратиб берадиган навбатчи шериклардек кўринади.
Энрике жамоасидан фарқли равишда, «Реал»да яратувчанлик қобилиятига эга яримҳимоячилар билан боғлиқ муаммолар йўқ. Ҳаттоки, жуда кам ўйин амалиётига эга бўлаётган Хамес ёки Иско майдонга тушганларида бемалол хавфли вазиятларни яратиши, уни якунлашда иштирок этиши мумкин. Ўйинни ажойиб тарзда бошқара олиши мумкин бўлган Модрич ва Кроос ҳақидаку гапирмасак ҳам бўлади. «Мадрид» ҳужумчилари ҳужум ташкил қилишдан кўра, уни якунлаш билан машғул бўлишади.
Марсело ва Бэйл каби футболчилар жамоанинг тактик захирасини ранг-баранглик билан бойитишга хизмат қилиб келмоқда. Айниқса чуқур ҳимояга ётиб олган жамоаларга қарши ўйинларда уларнинг қанот бўйлаб амалга оширадиган босими жуда қўл келади. Шу сабабдан «Реал»га қарши қисқа ва зич ҳудудлар орқали ҳимояланиш тактик чизмаси кўп ҳам эффект беравермайди. Қанотда марказдан кўра чизиққа яқинроқ ўйнайдиган Бэйл (унинг жароҳати қанчалик катта йўқотиш эканини тушуниб олаверинг) ноодатий ҳаракатлари билан хавф солади. Чап қанотдан ҳужумга қўшилувчи Марсело эса ҳатто ҳужумчиларда йўқ ноёб дриблинги эвазига вазиятни жамоаси учун қулайлаштириб бера олади. Альба ёки Серхи Робертодан фарқли равишда бу футболчиларни қанотларда маълум бир ҳудудда ёлғиз қолдириб бўлмайди. Мадридликларнинг ҳужум чизиғи бош билан жуда яхши ўйнай олишини ҳисобга олсак, бу вазиятларда қанотлардан ҳаволатиб етказиб берилаётан тўплар уларнинг фойдасига ишлаши мумкин. «Барса» эса бу борада фақат марказий ҳимоячи Пикенинг хизматидан фойдаланиши мумкин холос.
Мадридликларда айнан қайси чизиқ энг асосий эканини аниқлаш ҳам қийин. Бу жамоанинг ҳар бир чизиғи бўйича мувозанат жойида эканидан далолат беради.
Энди муаммолар ҳақида. Мадридликлар ҳужумидаги муаммо худди бир йил олдингидаги каби позицион ҳужумга ўтишда футболчиларнинг кераксиз нуқталарда пайдо бўлиб қолишида кўзга ташланмоқда. Суратлар орқали кўриб чиқамиз.
Қизил билан белгиланган футболчиларга эътибор беринг. «Барселона»да бу каби ҳолатларни кўрмайсиз. «Реал» футболчилари ҳужум ривожланаётган пайтда битта жойга, қулай бўлмаган ҳудудга жойлашиб олган. Бу рақибнинг кўп киши бўлиб устунликка эришишига ёрдам бермоқда.
Позицион нотўғри жойлашувга яна бир ёрқин мисол. Ҳужум бошлашдаги хатога эътибор беринг. Тўп билан муомалада бўлаётган жамоанинг бир йўла 8 футболчи тўп билан 10-15 метр масофага тўпланиб қолишган.
Ўхшаш вазият. Ҳужумчилар деярли таянч яримҳимоячи зонасида (кадрда кўринмаган Бэйл Бензема билан битта чизиқда жойлашган), аммо «Реал» яримҳимоячилари бутунлай тескари йўналишда, «Вильярреал» футболчилари сон жиҳат устун бўлган ҳудуддан ўйинни давом эттиришга уринмоқда.
Чизиқлар ўртасидаги масофанинг катталигига эътибор беринг. Бир йўла 4 футболчигоризонтал йўналишда битта чизиққа терилиб турибди. Бўш зоналарда пайдо бўлиши керак бўлган яримқанот футболчилари эса умуман кўзга ташланмаяпти.
Худди шундай ҳолат. Тахминан 25-30 метр диаметрдаги бўш ҳудуддан фойдаланилмаяпти.
Йилнинг асосий ўйини: «Барселона» ва «Реал» класико арафасида қай ҳолатда? (2-қисм)
Мавзуга оид
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:26 / 04.11.2024