Италия Евроиттифоққа зиён етказиш бўйича Brexit'ни ортда қолдириши мумкин
Италиядаги референдумнинг муваффақиятсизлиги ва бош вазир Маттео Ренцининг истеъфоси Евроиттифоқ келажаги учун Brexit'дан-да жиддийроқ хавф солади. The Financial Times нашри шу ҳақида маълум қилди.
Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиш қарори билан таққослаганда Италиядаги вазиятнинг асоратлари у қадар яққол намоён бўлмайди. Бир қараганда, италияликлар шунчаки конституцион ислоҳотларга қарши овоз беришди.
"Бироқ "Brexit ҳам, Италиядаги референдум ҳам - бир тарихнинг лавҳаси. Бугунги кунда Европа Иттифоқида мисли кўрилмаган таранглик ҳукмронлик қилмоқда, лекин охир-оқибат Италиядаги инқироз ЕИга жуда жиддий хавф солиши мумкин. Бунга сиёсий, иқтисодий ва ҳатто географик сабаблар ҳам бор", - дея таъкидланади манбада.
Энг аввало, Британиядан фарқли ўлароқ, Италия Евроиттифоқнинг асосчи давлатларидан бири бўлган ва уни доим фаол қўллаб-қувватлаган. Иқтисодий ва миграцион инқирозлар фонида иатлияликларнинг ЕИга бўлган муносабати анча ўзгарди. Италия 2008 йилдан буён саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг чорак қисмини йўқотди, ёшлар орасидаги ишсизлик эса деярли 40 фоизни ташкил қилади. Италияликларнинг аксарияти евро мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келаётганига ишонч ҳосил қилишмоқда. Кўплаб иқтисодиётчиларнинг фикрича, умумевропа валютаси Италияни рақобатдаги устунликларидан айирди.
Манбага кўра, Ренци анъанавий Европа позициясига эга сўнгги бош вазирлардан бири бўлиши мумкин. У Брюсселни қатъий иқтисодий сиёсат ва муҳожирлар масаласида қўллаб-қувватламаганлиги учун танқид қилган бўлса-да, ЕИ билан мулоқот қилишга мойил эди. Ўз соатини кутиб турган янги сиёсий партиялар эса буткул бошқача кайфиятда. Италиянинг энг йирик мухолифат кучи бўлган, референдумда ғолибликни қўлга киритган ижтимоий-сиёсий "5 юлдуз ҳаракати" Брюсселдан мустақилликни талаб қилмоқда ва истеблишментга қарши чиқмоқда.
Италиянча популизм Евроиттифоқ учун жуда хавфли - Италия Британиядан фарқли ўлароқ еврозонада жойлашган. Brexit оғриқли ва мураккаб жараён бўлса-да, у евро пул бирлиги ва Европа иқтисодиётига таҳдид солмайди. Италиядаги овоз бериш натижалари ҳақида эса бундай деб бўлмайди.
Якшанба куни Аппеннинда Маттео Ренци ҳукумати томонидан таклиф этилган конституцион ислоҳот бўйича референдум бўлиб ўтди. Қонун лойиҳаси энг аввало Республика Сенати функцияси ва ролининг ўзгаришини кўзда тутади.
Мавзуга оид
12:50 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Италия мевали боғ ва токзорларни барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилади
12:50 / 02.11.2024
Лавров Украинада уруш бошланганидан бери илк бор Евроиттифоққа боради
21:49 / 31.10.2024
Евроиттифоқ Хитойнинг Temu интернет-дўконини жаримага тортмоқчи
14:38 / 30.10.2024